Қатарнинг Al-Jazeera телеканали Саудия Арабистонидаги воқеаларни «Тахтлар ўйини» сериали билан тенглаштирди.

«4 ноябрь, шанба куни Саудия Арабистонининг «Қизил тўйи» бўлдими?», — дейилади телеканалда.

Хабарда қайд этилишича, воқеалар ривожи Ливан собиқ бош вазири Саад Ҳаририйнинг баёнотидан кейин авж олди. У ўша куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда эди ва ўзининг истеъфосини маълум қилди. У бу қарорига сабаб сифатида «Ливан ички ишларига хориж давлатлари аралашуви ортидан ўзи ҳам худди отаси Рафиқ Ҳаририй каби суиқасд қурбони» бўлиш хавфини келтирган.

«Кеч кириши билан яна бир «бомба» ташланди, аммо саудларнинг ўзи: қироллик фармони билан қироллик оиласининг ҳукуматдаги бир қанча аъзолари, шунингдек, йирик амалдорлар ва йирик тадбиркорлар қўлга олинди. Улардан баъзилари марҳум қирол Абдулланинг фарзандлари, бири эса Қироллик миллий гвардияси раҳбари», — дея хабар қилинади телеканал хабарида.

Телеканал талқинига кўра, «бу воқеалар оқибатлари нафақат Саудия Арабистонида, минтақа ва жаҳоннинг бошқа нуқталарида ҳам сезилади».

Телеканал қайд этишича, «Саудия тахти валиаҳди, 32 ёшли Муҳаммад ибн Салмон ўзининг «Тахтлар ўйини» орқали, монарх бўлиш учун бутун минтақани хавф остига қўйишдан тап тортмаслиги»ни намойиш этди.