Шимолий Кореядан қочиб кетганларнинг айтишларича, мамлакатда ўтказилаётган ядровий синовлар оқибатида радиация сизот сувларигача етиб борган, кўплаб сув манбалари қуриб қолган, ядровий полигон яқинидаги ҳудудларда барча балиқ ғойиб бўлган. 

Шимолий Кореядаги Пангири полигонида ядровий синовлар ўтказилгандан кейин қўшни қишлоқлар аҳолисида турли нуқсонларга эга бўлган болалар дунёга кела бошлаган. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Chosun Ilbo нашри ёзмоқда.

Нашр шимолий кореялик қочқинларга иқтибос келтирган ҳолда, Шимолий Корея туғруқхоналарида борган сари кўпроқ турли мутацияга эга бўлган болалар туғилаётганини маълум қилган. Нашр болалар айнан қандай мутациялар билан дунёга келаётганларига ойдинлик киритмаган. 

Шимолий Кореяда 2016 йил январда, Килжу шаҳридан 50 км узоқликда бўлган Пангири полигонида ер ости ядровий синови ўтказилганди.