5 ноябрда Техасдаги черковда оммавий қотиллик содир этган Девин Келли бу жиноятни оиласидаги муаммолар сабабли амалга оширган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда Техаснинг жамоат хавфсизлиги департаменти вакили Фримен Мартин маълум қилган.

Мартиннинг айтишича, қотилнинг қайнонаси Сазерленд-Спрингсдаги черковга мунтазам қатнаган. У Келлидан таҳдидлар олган. Шунингдек, Келлининг оиласида бир неча марта жанжал чиққани, у рафиқаси ва ўгай ўғлини бир неча мароталаб калтаклагани аниқланган.

АҚШ президент Дональд Трамп Келлини қотилликни содир этишга ундаган сабаб унинг “руҳиятидаги муаммолар” деб ҳисоблашини айтганди. 

Қотил 5 ноябрда эрталаб черковга кириб, у ерга келган одамларни ўққа тута бошлаган. Оқибатда 26 киши ҳаётдан кўз юмган. Полициянинг дастлабки маълумотларига кўра, отишма тасодифан амалга оширилмаган. Қотил ҳужумдан кейин автомобилида ўз жонига қасд қилган.   

Келли 26 ёшда бўлган, у АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларида хизмат қилган, бироқ у ердан трибуналга тушиб, ҳайдаб юборилган. Қотилнинг танишлари уни одамови ва ғалати одам сифатида таърифлашган, синфдошларининг айтишича эса у атеист бўлган ва художўйларни тентаклар деб атаган.