Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

ЎзА эълон қилган қарор матнига кўра, у электр ва газ таъминоти тизимини янада такомиллаштириш, бозор механизмларини кенг жорий қилиш орқали энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, мазкур соҳада кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида қабул қилинмоқда.

2018 йил 1 январдан иловага мувофиқ рўйхат бўйича маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва айрим хизматлар кўрсатувчи истеъмолчилар электр энергияси (750 кВАгача бўлган қувватга уланган) ва табиий газ учун тўловларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ўрнатиладиган ўсиб борувчи коэффициентлар ва тарифларга мувофиқ амалга оширадилар;

750 кВА ва ундан юқори бўлган қувватга уланган (бюджет ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари, шунингдек, Давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станциялари бундан мустасно) истеъмолчилар электр энергияси учун ҳисоб-китобларни иккинчи гуруҳ тарифлар бўйича тўловларни амалга оширадиган юридик шахслар учун тариф миқдорида белгиланадиган сутка вақтларининг табақалаштирилган тарифи бўйича амалга оширади.

Бунда ягона электр энергетика тизимининг энг катта юкламали соатларида (тиғиз пайт – белгиланган тартибда ўрнатилган эрталабки ва кечки “энг катта миқдор”) фойдаланилган электр энергияси учун тўловлар белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда ўсувчи коэффициентни қўллаш орқали, энг кам юкламали соатларда эса (тунги пайт – сутканинг қоронғи вақти) белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда камаювчи коэффициентни қўллаш орқали ва ярим тиғиз пайтда (сутканинг ёруғ вақти) ўрнатилган тариф бўйича амалга оширилади;

Давлат органлари ва муассасаларининг бино ва иншоотлари, шунингдек, кўп квартирали уй-жой фондини лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш, қуриш ва фойдаланишга топширишда уларда энергия самарадор ва энергия тежамкор технологиялардан фойдаланилганлиги юзасидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги текширилади;

Якка тартибдаги уй-жой қурилишидан ташқари, барча бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш ва қуришда, иссиқ сув таъминоти учун сертификатланган қуёш сув иситгич қурилмаларини, шунингдек, энергия тежамкор лампаларни мажбурий тартибда ўрнатиш кўзда тутилади;

2022 йил 1 январдан давлат органлари ва ташкилотлари ўз балансида бўлган бино ва иншоотларда иссиқ сув таъминоти учун фақат сертификатланган қуёш сув иситгич қурилмалари, шунингдек, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ички ёритиш энергия тежамкор лампалардан фойдаланиши шарт, шунингдек, улар марказлаштирилган иссиқ сув таъминотидан узиб қўйилади.