2017 йилнинг 8 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қирғизистон делегацияси мамлакатга Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» вазирлар учрашувида ва «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзуидаги халқаро конференцияда иштирок этиш мақсадида ташриф буюрди.

Турли даражалардаги Ўзбекистон-Қирғизистон алоқаларининг давоми сифатида бўлиб ўтган суҳбатда Бишкек ва Тошкент шаҳарларида Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон президентларининг олий даражадаги учрашувлари доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнига ва ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларига асосий эътибор қаратилди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро конференцияга оид айрим масалалар ва минтақа кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.