Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи (кейинги ўринларда Музей деб аталади) ўзбек халқ оғзаки ижоди дурдоналари, ёзма адабиётининг энг қадимги давридан шу кунгача бўлган тарихий тараққиёт босқичларини чуқур тадқиқ қилиш ва уни турли экспозициялар кўринишида тарғиб қилиш орқали халқимиз, авваламбор, ёшларимизнинг маданий-маърифий савиясини юксалтиришга хизмат қиладиган илмий муассаса эканлиги маълумот учун қабул қилинади.

Қуйидагилар Музейнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

ўзбек халқ оғзаки ижодиёти дурдоналари, ёзма адабиётининг қадимги даврдан шу кунгача бўлган тарихий тараққиёт босқичларини чуқур ўрганиш, уни мамлакатимиз тарихининг таркибий қисми сифатида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда экспозиция заллари орқали акс эттириш;

ўзбек адабиёти билан боғлиқ янги кашф этилган манба, архив ҳужжатлари ва тарихий ашёларни илмий тадқиқ этиш;

музей фондида сақланаётган Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби алломаларимизнинг қўлёзмаларини илмий тавсифлаш, тадқиқ этиш, улар асосида электрон каталоглар тайёрлаш, уларнинг илмий-танқидий матнларини яратиш ва ноёб қўлёзмаларнинг факсимиль нашрларини амалга ошириш;

музей фондлари ва экспонатларини мамлакатимиз ва хориждаги ўзбек фольклори ва адабиёти билан боғлиқ турли ҳужжатлар, экспонатлар ва бошқа ашёлар билан мунтазам бойитиб бориш;

ўзбек адабиётини тарғиб қилган шоир ва олимлар таваллуди, ўзбек адабиёти тарихи билан боғлиқ муҳим саналарни нишонлаш бўйича республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар ўтказиш, ўзбек адабиётини ўрганган республикамиз ва хорижлик таниқли олимлар иштирокида семинарлар, халқаро анжуманлар ташкил қилиш;

таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда Музейда очиқ дарслар, маъруза ва семинар машғулотлари, талабаларнинг малакавий амалиёт ўташини таъминлаш, Музейнинг илмий базасидан фойдаланган ҳолда юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ишига кўмаклашиш;

хорижий музейлар, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатиш, уларнинг тажрибаларидан фойдаланиш, адабиёт соҳасида нашр этилган илмий-бадиий, тарихий ҳужжатлар, интернет тармоғидаги материалларни ўрганиш ва таҳлил этиш.

Қуйидагилар Музей фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб белгиланди:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг Музейни сақлаш ва фаолият юритиши билан боғлиқ маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги томонидан ўтказиладиган танловларнинг натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;

тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган маблағлар;

ҳомийлар, халқаро молия институтлари ва бошқа институтларнинг, хорижий ҳукумат ташкилотларининг грантлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Маданият вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Ўзархив” агентлиги, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда Музей экспозицияларини янгилаш, фольклор ва ёзма адабиёт, ижодкорларнинг ҳаёти ва ижодига оид манба ва қўлёзмалар, ҳужжатлар, кино, фото материаллар ва ашёлар билан доимий тўлдириб боришни таъминлаш;

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда Музейни сайёҳлар ташриф буюрадиган маконга айлантириш чораларини кўради;

Музейнинг самарали фаолиятини йўлга қўйиш ва моддий-техника базасини ривожлантириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Маданият вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2018-2019 йилларда Музей биносини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ҳамда Музей биносига туташ ҳудудни ободонлаштириш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Музей биносини реконструкция қилиш ва унга туташ ҳудудни ободонлаштириш ишлари бўйича:

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг "Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясини буюртмачи этиб белгилаш;

бош лойиҳачи ва бош пудратчи ташкилотларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқлаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлигининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича 2018-2019 йиллар учун Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантиришда Музейни реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва Музейни реконструкция қилиш учун зарур капитал қўйилмалар лимитларини назарда тутади.

Белгилаб қўйилишича: 

Музей биносига туташ, шу жумладан Алишер Навоий ҳайкали жойлашган ҳудудни ободонлаштириш билан боғлиқ барча харажатлар Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан;

Музейни замонавий техник воситалар, шу жумладан интерактив инфокиоск ва мониторлар, стенд ва подиумлар билан жиҳозлаш учун зарур маблағлар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий муассасалар объектларини сотишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.