БМТ Саудия Арабистони бошчилигидаги коалицияни Ямандан блокадани олишга чақирди. Бу қамал Яманга гуманитар ёрдамни олиб киришга тўсқинлик қилади, деб айтди БМТ вакили Стефан Дюжаррик. 

“Портлар, аэропортлар, қуруқликдаги йўлларнинг блокада қилиниши шундоқ ҳам фалокатли бўлган вазиятга фавқулодда салбий таъсир қилади. Можаронинг барча томонлари портлар ва аэропортлар орқали барча муҳтож одамларга гуманитар ёрдамнинг хавфсиз ва тез етказилишини енгиллаштиришлари керак”, деб айтган БМТ вакили.

Саудия Арабистони коалицияси Яман ҳудудидан Саудия Арабистони томон ракеталар отилгандан кейин Ямандаги барча портлар ва аэропортларни ёпишга қарор қилган. 

БМТ маълумотларига кўра, Яманда ҳозирда 20 млн га яқин одам гуманитар ёрдамга муҳтожлик сезмоқда, улардан 7 млн нафари очарчилик ёқасида турибди. Шунингдек, мамлакатда вабо авж олган ва ҳозирда бу касалликка учраган ва учраганликка гумон қилинаётган 850 минг киши қайд қилинган.