1 ноябрь куни Техасдаги баптистлар черковида 26 кишини отиб ташлаган ва яна 20дан ортиқ кишини яралаган Девин Келли 2012 йилда руҳий касалликлар шифохонасидан қочганди.

5 йил муқаддам Келлини ҳибсга олган полициячининг маълумот беришича, у ўзига ва атрофдагиларга хавф туғдирган.

Бир неча марта турмуш ўртоғи ва фарзандига қилган зўравонликларидан кейин Келли ҳарбий трибунал ҳукми билан даъволаниш учун йўлланганди. У Нью-Мексико штатидаги «Ҳолломэн» авиабазасига хизматга кириб, 2 йилдан кейин шундай жазо олганди.

Полиция ҳисоботида келтирилишича, у ўз бошлиқларига ҳам таҳдид қилган.

Расмийларнинг сўзларига кўра, судлангани туфайли Келли ўқотар қуролга эга бўлиши мумкин эмасди.

Эл-Пасо шаҳри полицияси уни 2012 йилнинг июнида автобус бекатида қўлга олганди.

Хабар қилинишича, у Эл-Пасодан 160 км масофадаги Санта-Тереза клиникасига жойлаштирилганди. У клиникадан йўқолиб қолгач, полицияга хабар берилган.

Ҳисоботда айтилишича, у авиабазадаги хизмат вақтига ўзига ўқ узишга ҳаракат қилганида тўхтатилган ва қўлга олинганди.

У трибуналда ўз рафиқаси ва асраб олинган ўғлига зўравонлик қилишда айбдор деб топилиб, 12 ойлик қамоққа ҳукм қилинган.

ФҚБ ходимлари Келлининг телефонини блокдан ечиб, унинг оммавий қотиллик қилишга сабабларини ўрганишга ҳаракат қилишган.

Houston Chronicle нашрида ёзилишича, қотил Сазерленд-Спрингсдаги черковга ҳужум қилишидан 5 кун олдин бу ерга фарзанди билан келиб, кузги фестивалда иштирок этган.

Келлининг собиқ қайнонасининг дугонаси ҳикоя қилишича, ўша куни унинг оиласи билан эканидан ҳамма хурсанд бўлган.

Черковнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойланган маросимга оид фотосуратларда «Ҳэллоуин» либосларини кийган ҳолда ўйнаб юрган болаларни кўриш мумкин. Уларнинг баъзилари 5 кундан кейинги қирғин вақтида ҳалок бўлишди.

Ҳужумдан омон қолганларнинг ҳикоя қилишича, Келли черков ичида қаторлар оралаб юрган ва йиғлаётган болаларга ўқ узган.

Фото: Getty Images

Гувоҳлардан бири Розанн Солис шундай ҳикоя қилади: «450та ўқли винтовка билан қуролланган эркак черковга кириб келди. «Ҳаммага ўлим!» дея бақирди у. Барча пичирлаб гапира бошлади: «Жим, жим. Ахир бу у-ку». Ҳамма стуллар остига кирди, ҳамма қаергадир яширинишга ҳаракат қиларди. Аммо у тўхтамасдан ўқ узарди».

Гувоҳларнинг KSAT телеканалига интервьюда эслашича, у жасадлар оралаб юраркан, тирик қолганларни излаган.

Розанн Солиснинг турмуш ўртоғи Хоакин Рамирес пасторнинг 14 ёшли қизи Аннабель Померой бақириб йиғлаётганини кўрган ва унга имо қилиб, жим бўлишни сўраган. Аммо қотил қизчани кўрган заҳоти ўлдирган. У болаларни йиғи овози туфайли топиб, ўлдираверган.

Рамирес ва рафиқаси ўзини ўлганга солгани учун омон қолишган. Аммо улар кичик жароҳатлар олишган.

Фото: Getty Images

Шунингдек, 73 ёшли Фарида Браун ва унинг ўғли ҳам хунрезликдан омон қолган. Ўғил KENS-TV телеканалига интервью берди: «Бу одам юрган йўлида одамларни ўққа тутди. Шу вақтда у бир аёлнинг рўпарасига келиб тўхтади. У аёл онамга жовдираганча қаради. Онам эса унга дерди: «Ҳаммаси яхши бўлади. Сен жаннатга тушасан. Сен жаннатга тушасан». Шундан сўнг у ўлим они яқинлигини сезди ва ибодат қилишга тутинди».

Шу вақтда черковга қўшни бинода яшайдиган Стивен Уилфорд кириб келган ва у Келлига қарата ўқ уза бошлаган. Келли жароҳат олган ва қочишга тушган.

Уилфорд ва яна бир киши уни пикапда таъқиб этган. Йўлда таъқиб этилаётган автомобиль бошқарувни йўқотган ва тўсиққа бориб урилган.

Келлини машина ичидан жонсиз ҳолда топишди. Полиция маълумотига кўра, у ўз бошига ўқ узган.