Президентнинг «Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси президентининг 2016 йил 31 октябрдаги ПҚ–2647-сон қарори билан ташкил этилган Даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари билан таъминлашни назорат қилиш республика комиссияси унинг функцияларини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига юклаган ҳолда тугатилди. 

Белгиланишича, Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхатига киритилган дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари учун қатъий нархлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “O‘zmedimpeks” ДУКнинг Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан келишилган таклифларига кўра белгиланади. 

“O‘zmedimpeks” ДУК 2023 йил 1 январга қадар барча турдаги солиқ ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлар тўлашдан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буюртмалари бўйича дори воситалари, тиббиёт буюмлари, тиббиёт техникалари ва махсус тиббиёт автотранспорти етказиб бериш шартномалари юзасидан божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўлашдан озод қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги уч ой муддатда: 

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рўйхатга олиш, нархини белгилаш тартибини такомиллаштиришни, қонунчиликка “in bulk” маҳсулотнинг аниқ белгиланган тушунчасини киритишни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади; 

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат кўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда ушбу Фармон талабларини ҳисобга олган ҳолда ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг қатъий нархини, шунингдек, дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг тартибга солинадиган нархларини белгилаш тартибини тасдиқлайди; 

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини уларнинг халқаро ва миллий стандартларга мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар деб топиш мезонларини тасдиқлаш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади; 

дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар деб топиш мезонларини тасдиқланган кундан бошлаб дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлар деб топиш нуқтаи назаридан уларнинг ишлаб чиқарилишини технологик аудитдан ўтказади; 

дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини олиб кириш бўйича ягона логистика марказини ташкил этиш юзасидан таклифлар киритади; 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида яратилган лойиҳаларни бажариш гуруҳлари фаолиятининг самарадорлигини ўрганади.