Ҳонгконг 2017 йилда сайёҳлар орасида энг оммавий бўлган шаҳарлар рейтингида 1-ўринни эгаллади. Жорий йилнинг илк 9 ойида бу шаҳарга 25,7 млн сайёҳ ташриф буюрган. Бундан Euromonitor International таҳлилий компанияси ҳисоботида чоп этилган маълумотлар дарак бермоқда.

Ҳонгконгдан ташқари, рейтингнинг етакчи ўнталигидан Бангкок (23 млн киши), Лондон (19,8 млн), Сингапур (16,6 млн), Макао (15,4 млн), Дубай (14,9 млн), Париж (14,4 млн), Нью-Йорк (12,7 млн), Шэньчжэнь (12,6 млн) ва Куала-Лумпур (12,3 млн) ўрин олди.

Euromonitor International британ таҳлилий компанияси маҳсулотлар ва хизматлар бўйича тадқиқот ва таҳлиллар ўтказади. Компания 10 йил давомида 100 та давлат ҳақидаги маълумотлар асосида энг оммавий шаҳарлар рейтингини тузиб келади. EI таҳлилчилари бунда сайёҳлар, улар қайси шаҳарда 24 соатдан кўпроқ вақт ўтказишгани ҳақидаги маълумотларни ҳисобга олишади.