Яқин орада Ислом Каримов шоҳкўчасида Tashkent City халқаро бизнес маркази қурилиши муносабати билан биноларнинг катта кўламли бузилиш ишлари бошланади.

Собиқ Ўзбекистон шоҳкўчаси, ҳозирда эса Ислом Каримов шоҳкўчасининг “Ўзбекистон” метро станциясидан келаверишдаги ўнг томонидаги бир неча кўп қаватли бинолар бузилиши режалаштирилган. Улар орасида Киночилар уйи, республика ОВИРи, Тошкент метрополитени бошқармаси, собиқ Фонд Форум бинолари бор. Ушбу маълумот “Ўзбеккино” миллий агентлигида тасдиқланган.

“Ўзбеккино”даги манбанинг айтишича, кўчанинг ўнг томонидаги, метронинг “Ўзбекистон” станциясидан бошлаб “Бунёдкор” станциясигача барча бинолар бузиб ташланади. Бу ҳудуд Tashkent City қурилиши учун ажратилади. 

"Бизга нарсаларни йиғиштириш буюрилди. Бир неча кун ичида бинони бўшатиб беришимиз керак. Бузилиш ишлари бошланади”, деб таъкидлаган манба.

Манбанинг қўшимча қилишича, “Ўзбеккино” қаерга кўчиши бўйича якуний қарорга келмаган, бироқ тахмин қилинишича, у Чилонзор кўчасидаги ҳужжатли фильмлар студияси “Ўзкинохроника” биносига кўчиб ўтади.

Қайд этиш жоизки, Республика Киночилар уйи Ўзбекистоннинг собиқ раҳбари Шароф Рашидовнинг жонбозлиги билан қурилиб, 1982 йилда Осиё, Африка ва Лотин Америкаси давлатлари кинофестивали ўтказилиши кунлари очилган. Киночилар уйида 3 та кинозал бўлиб, улардан бири 900 кишига, қолган иккитаси 230 ва 50 кишига мўлжалланган.

Tashkent City халқаро бизнес маркази пойтахтнинг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғидаги 80 гектар ҳудудда барпо этилади. Лойиҳага мувофиқ Tashkent City’да бизнес марказлар, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар, конгресс-хол, кўргазма заллари, кўп қаватли замонавий уйлар, ресторанлар, сунъий кўл, фавворалар, ижтимоий ва бошқа объектлар қурилади.