ЕТТБ Ўзбекистонга 120 миллион евро транш ажратишга қарор қилди. Шу билан бирга, кимёвий соҳага ҳам 12 миллион кредит ажратади. Бу ҳақида KUN.UZ мухбири 8 ноябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро давра суҳбатида Филипп Беннетт берган маълумотига асосланиб, хабар берди.

Беннетт Ўзбекистонда сўнгги вақтларда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Хусусан, мамлакатда конвертациянинг муваффақиятли амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам катта салоҳиятга эгалиги қайд этилди.

"Ўзбекистон кучли ички ресурсларга эга. Улар ишлаши учун  инвестициялар керак. Инвестициялар турли шаклда бўлиши мумкин - нафақат активлар, балки амалиёт ҳам назарда тутилмоқда. Ўзбекистонда 9 миллиард инвестиция ишламоқда", - дейди ЕТТБ вакили.

Шу ўринда Филипп Беннетт Ўзбекистоннинг DoingBusiness рейтингида юқорилаганини қайд этган ҳолда, инвестицион муҳитидаги муаммолар ва уларни баратараф этишга доир тавсиялари билан ҳам бўлишди.

  1. Сармоядорлар ҳуқуқи муҳофазасини ошириш;
  2. Бошқа халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш;
  3. Ер участкалари ажратиш ва электр тармоқларига уланишдаги муаммоларни бартараф этиш;
  4. Даромад ҳажмини, ходимлар сонини тўлиқ эълон қилиш;
  5. Коррупцияга қарши курашиш - институциявий ўзгаришлар киритиш;
  6. Хусусий секторнинг янада фаолроқ ишлаши учун тегишли қонун ва ҳужжатларни ўзгартириш;
  7. Логистика билан боғлиқ чора-тадбирларни қўллаш;
  8. Махсус Инвестиция кенгашларини тузиш;
  9. Давлат корхоналари ва идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш;

Буларнинг бари Ўзбекистонда инвестиция муҳитини янада яхшилаш учун шарт-шароит яратади, дейди Беннетт.