2017 йил 8 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон-Корея бизнес-форуми ва икки мамлакат тадбиркорлари иштирокида кооперацион биржа бўлиб ўтди.  

Ўзбекистон Миллий банки фаол кўмаги билан республика Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирнинг асосий мақсади - икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида савдо алоқаларини ўрнатиш ва кенгайтириш, янги қўшма корхоналар сонини кўпайтириш ҳамда икки томонлама савдо айланмасини оширишдир.

Бизнес-форум Корея Республикаси Кичик ва ўрта бизнес федерацияси раиси ўринбосари Ли Хонг Ву бошчилигидаги жанубий кореялик ишбилармон доиралар делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

Форумда Жанубий Кореянинг йирик компанияларидан бўлган тахминан 50 нафар вакил иштирок этди. Улар қурилиш, озиқ-овқат саноати, савдо, заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш, тиббий ускуналар, шахсий гигиена воситалари, газ-баллонли ускуналар, қишлоқ хўжалиги техникаси, АКТ, қадоқлаш материаллари, тўқимачилик ва тўқимачилик ускуналари, логистика, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш соҳаларига алоқадор.

Форумда Ўзбекистон Республикасининг турли минтақаларидаги йирик корхоналар ва компанияларнинг 150 дан ортиқ вакиллари қатнашди.

Тадбир давомида ўзбек компаниялари эътиборига Корея Экспорт-импорт банкининг (Korea Eximbank) Ўзбекистон Миллий банки томонидан Корея компаниялари жиҳозларини сотиб олиш учун ажратилувчи кредит линиялари тақдим этилди.