Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кураш” миллий спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кураш миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида’' 2017 йил 2 октябрдаги ПҚ-3306-сон қарорига мувофиқ спортчилар, тренерлар ва ҳакамларнинг маҳорати ва малакасини мунтазам ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, спорт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда ўқув-машғулот жараёнларининг юқори сифатини таъминлаш, шунингдек, “Кураш” миллий спорт турини республика аҳолисининг кенг қатламлари ўртасида, айниқса, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида фаол тарғиб қилиш ҳамда оммалаштириш мақсадида қабул қилинди.

Қарор билан “Кураш” миллий спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури иловага мувофиқ тасдиқланди.

Дастурда кўрсатилган вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари унда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши учун шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси икки ой муддатда Ўзбекистон кураш федерациясининг буюртмаси ва техник топшириғи асосида Нукус шаҳри ва вилоят марказларида “Кураш” миллий спорт тури марказларининг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:

Ўзбекистон кураш федерацияси билан биргаликда Нукус шаҳри ва вилоят марказларида 2018-2020 йилларда намунавий лойиҳалар асосида “Кураш” миллий спорт тури марказларини қуриш режа-жадвалини икки ой муддатда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2018-2020 йиллар учун Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантиришда Нукус шаҳри ва вилоят марказларида “Кураш” миллий спорт тури марказларини қуриш ва жиҳозлаш ишлари учун зарур капитал қуйилмалар лимити ажратилишини назарда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2018 йилдан бошлаб Кураш халқаро ассоциациясига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар йили 100 миллион сўм миқдорида маблағ ажратиши белгилаб қўйилди.