Аксарият етук инсонларнинг ҳаёти ва карьераси шуни кўрсатмоқдаки, муваффақиятнинг асосий калити — бу вақтни тўғри тақсимлаш.

Нима учун баъзи одамлар жаҳонга машҳур ишбилармон ва дунёни ўзгартиришга қодир етакчига айланади-ю, бошқалар эса шунча меҳнат қилишига қарамай, бир нуқтадан силжий олмайди? Бунинг сабаби кўпинча эътибордан четда қолади, дейилади World Economic Forum'да.

Муваффақиятга эришган ишбилармонлар ўз вақтларини келгусида уларни янги билимлар, ижодий қарорлар ва куч-қувват билан таъминлайдиган нарсаларга сармоя қилишади. Дастлаб уларнинг муваффақияти сезилмаслиги мумкин, бироқ охир-оқибат, узоқ муддатли сармоялар самараси ўлароқ, улар мисли кўрилмаган чўққиларни забт этишади.

Натижада тўғри тақсимланган вақт ажойиб даромад келтиради, шунинг учун уни сердаромад деб аташ мумкин. Графикда вақтимизни қандай сарфлашимизга қараб ишда қандай натижаларга эришишимиз яққол кўрсатиб берилган.

Фото: Лайфхакер

Масалан, Уоррен Баффет юз минглаб ходимга эга компанияларга эгалик қилса-да, ўз вақтини тўлиқ ишга бағишламаган. Миллиардернинг сўзларига кўра, у иш вақтининг 80 фоизини китоб мутолааси ва фикр юритишга сарфлайди. Бунга сарфланган вақт тўғри қарорлар ва бизнесни муваффақиятли юритиш учун зарур бўлган билимлар билан таъминлайди.

"Энг яхши даромад билимга киритилган сармоядир".

Бенжамин Франклин, сиёсий арбоб, ихтирочи, ёзувчи

Муваффақиятли кишиларнинг ўрнак олса арзигулик  фойдали одатлари бўлади. Қуйида узоқ муддатли истиқболда фойда келтиришда ёрдам берувчи бир неча самарали маслаҳат билан бўлишамиз.

 

1. Кундалик тутинг

Кўп муваффақиятли кишилар одатда шахсий кундаликларини юритишади.

Масалан, Бенжамин Франклин ҳар тонгда ўзига ўзи савол берган: "Бугун қандай яхши иш қилишим керак?" Ҳар куни кечқурун эса ўз кунини "Бугун қандай яхши иш қилдим?" деган савол билан тугаллаган. Стив Жобс кўзгу олдида туриб, "Агар бугунги кун ҳаётимдаги охирги куним бўлганида бажаришни режалаштирган ишларимни қилармидим?" дея қизиққан.

Менежмент масалалари бўйича иқтисодчи ва маслаҳатчи Питер Друкер қарор қабул қилаётиб, бундан нималар кутаётганини ёзиб борган, бир неча ойдан кейин эса уларни амалдаги натижалар билан таққослаган. Опра Уинфри эса ўзининг ҳар кунини миннатдорчилик кундалигини юритиш билан бошлайди - бунда у нима учун ҳаётдан миннатдор эканига доир беш сабабни қоғозга туширади.

Альберт Эйнштейн ўзидан кейин 80 мингдан ортиқ саҳифали турли қўлёзмаларни қолдирган. АҚШнинг иккинчи президенти Жон Адамс бутун ҳаёти давомида кундалик тутган, умри охирига бориб уларнинг сони 50 тага етган.

Ўз фикрларингиз, режаларингиз ва ҳаётингиздаги воқеаларни ёзиб бориб, сиз янада эътиборли ва зийрак  бўлиб борасиз, фикрлаш хусусиятингизни ривожлантирасиз ва тўғри қарорлар қабул қилишни ўрганасиз.

2. Танаффус қилинг

"Мизғиб олиш учун бир ёки бир ярим соатлик уйқу маълумотни ўзлаштириш хусусиятига худди саккиз соатлик уйқу каби таъсир кўрсатади", - дея таъкидлайди уйқуни ўрганиш билан шуғулланувчи мутахассис Сара Медник. Олимларнинг сўзларига кўра, эрталаб ўқувчи одамлар кун давомида бир соатлик танаффус қилиб, ухлаб олса, кечки пайт назорат тестларини 30 фоизга яхши бажаришади.

Бу одат Альберт Эйнштейн, Томас Эдисон, Уинстон Черчилль, Жон Кеннеди, Рональд Рейган, Жон Рокфеллер ва бошқа кўплаб етук шахсларга хос бўлган. Масалан, Леонардо да Винчи уйқуни кўплаб 10 дақиқаларга "майдалаб", ярим фазали уйқу режимини тажриба қилган. Напалеон ҳар бир жанг олдидан ухлаб олишни маъқул кўрган. Машҳур актёр Арнольд Шварценеггер ҳар куни тушликдан кейин ухлаб олади.

Фото: Лайфхакер

Замонавий илм-фан бу одатнинг фойдасини тасдиқлайди. Кун давомидаги танаффуслар нафақат самарадорликни оширади, балки ижодий фикрлаш салоҳиятини ҳам ривожлантиради.

Эҳтимол, шунинг учун ҳам Сальвадор Дали ва Эдгар Аллан По бу усулдан фойдалангандир.

 

3. Кунига камида 15 дақиқа пиёда юринг

Муваффақиятли одамлар ўз кун тартибида албатта спорт билан шуғулланишга вақт ажратишади. Пиёда сайр ҳам ажойиб машқ бўлиши мумкин.

Чарльз Дарвин кунига икки маҳал сайр қилган: пешинга яқин ва соат 16:00да. Бетховен тушликдан сўнг узоқ сайрга чиққан ва илҳом келиб қолса, қоғозга муҳрлаш мақсадида ўзи билан бирга қалам ҳамда қоғоз олиб юрган. Чарльз Диккенс кунига 10 километрдан ортиқ пиёда юрган, бу унга ишга кўмилиб, толиқиб қолмасликка ёрдам берган. Стив Жобс муҳим учрашувга тайёргарлик кўриш жараёнида пиёда сайр қилишни одат қилган.

"Фақат сайр вақтида келган ғояларгина қадрли бўлади".

Фридрих Ницше, машҳур файласуф.

Узоқ сайрларнинг фойдасини яхши билган шахслар орасида Аристотель, Махатма Ганди, Жек Дорси, Тори Бёрч, Ҳовард Шульц, Оливер Сакс ва Уинстон Черчилль номларини келтириш мумкин.

Бу одатни ўзлаштириш керак. Олимлар сайрнинг тетиклаштириши, мияни тозалаши, ижодий салоҳиятни ошириши ва ҳатто умрни узайтиришини тасдиқлашди. 12 йил давом этган тадқиқотга кўра, кунига 15 дақиқадан пиёда юрган 65 ёшдан катта кишиларда ўлим кўрсаткичи 22 фоиздан паст бўлган.

 

4. Кўпроқ китоб ўқинг

Ҳаётий шарт-шароитларга қарамай, ҳар биримиз дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бири бўлган Билл Гейтснинг севимли ресурси бўлган китобларни ўқиш имконига эгамиз. Бу ўз билим даражамизни оширишнинг тежамкор ва жуда самарали усулидир.

Уинстон Черчилль кунига бир неча соат биографик, тарихий, иқтисодий ва фаласафага оид китобларни мутолаа қилган. Теодор Рузвельт банд кунлари 1тадан ва ишдан бўш кунлари 2-3 тадан китоб ўқиган.

Марк Кьюбан кунига 3 соатдан ортиқ китоб ўқийди. Миллиардер Дэвид Рубенштейн ҳафтасига 6 тадан китоб ўқийди. Илон Маск ёшлигида кунига 2 тадан китоб ўқиган. Disney бош директори Боб Айгер эса ҳар куни тонгги 4:30 да китоб ўқиш учун уйғонади. Бу рўйхатни чексиз давом эттириш мумкин.

Фото: Лайфхакер

Ўқиш хотирани яхшилайди, эмпатия даражасини оширади ва стресс даражасини камайтиради, шу тариқа олдимизга қўйилган мақсадларимизга эришишга ёрдам беради.

 

5. Қизиқишларингиз бўйича суҳбатдош топинг

Ёзувчи Жошуа Шенканинг фикрича, ижодий салоҳият бошқа одамлар билан мулоқот қилиш натижасида ривожланади. У ўзининг Powers Of Two китобида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида катта чўққиларни забт этган дуэтлар ҳақида сўзлаб берган. Масалан, Жон Леннон ва Пол Маккартни, Мария ва Пьер Кьюри, Стив Жобс ва Стив Возняк.

Психологлар Даниэль Канеман ва Амос Тверски биргаликдаги узоқ сайрларидан бирида ахлоқий иқтисодиётнинг янги назариясини ишлаб чиқишган ва бу Канеманга Нобель мукофотини олиб келган.

Толкин ва Льюис ўзларининг ёзган қораламаларини бир-бирларига ўқишга беришган, ҳар душанба кечқурун пабда кўришишган. Олимлар Фрэнсис Крик ва Жеймс Уотсон кўп мулоқот қилишган ва бирга тушлик қилишган, кейин эса Морис Уилкинсон билан бирга ДНК тузилмасини аниқлашган.

Теодор Рузвельтнинг эса теннис хонаси бўлган, унинг аъзолари бирга теннис ўйнашган ва сиёсий масалаларни муҳокама қилишган.

Қатор етук шахсларнинг тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, бошқалар билан мулоқот вазиятга бошқа томондан қараш ва ҳатто мутлақо янги нарса яратишда ёрдам беради.

 

6. Тажриба қилишдан қўрқманг

Қандай муҳим фазилатлар эгаси бўлишимизга қарамай, ҳар биримиз хатога йўл қўямиз. Уларни келгусида сизга фойдаси тегиши мумкин бўлган тажриба деб ҳисобланг.

Муваффақият тўғридан-тўғри сиз томонингиздан ўтказилган тажрибалар сонига боғлиқ. Бир ютуқ барча муваффақиятсиз уринишларингизни "ювиб кетади".

Томас Эдисон гидроксидли аккумуляторни ихтиро қилгунга қадар унинг 50 мингдан ортиқ тажрибаси муваффақиятсиз якунланган. Мукаммал лампани яратиш учун эса 9 минг муваффақиятсиз уриниш ортда қолган. Шундай бўлса-да, умрининг охирига бориб Эдисон 1100 патентга эгалик қилган.

Фото: Лайфхакер

Тажрибаларни фақат амалда ўтказиш шарт эмас. Масалан, Эйнштейн уларни ақлида ўтказган ва бу унга ўзининг бебаҳо илмий назарияларини ривожлантиришда ёрдам берган. Томас Эдисон ва Леонардо да Винчиларнинг кундалигида ёзишмалардан ташқари, ментал карталар ва турли чизмалар ҳам бор.

Тажрибалар фойдали кўникмаларни ишлаб чиқишда ёрдам беради. Продюсер ва сценарийнавис Шонда Раймс ҳаддан зиёд меҳнаткашлиги ва яққол намоён бўлувчи интровертлигидан халос бўлишга қарор қилди ва аввал қўрққан нарсаларига розилик бера бошлаган. Бу тажриба "Ҳаммасига "ҳа" дейдиган йил" номини олган.

Файласуф ва шоир Ральф Уолдо Эмерсон ушбу ажойиб иборанинг муаллифи ҳисобланади: "Ҳаёт - бошидан охиригача тажриба. Тажриба қанча кўп бўлса, шунчаяхши".

Кўзланган мақсадларга эришиш учун вақтни тўғри тақсимлаш керак. Агар уни келгусида ўзингизга фойда келтириши мумкин бўлган ишларга сарфласангиз, муваффақиятга эришиш эҳтимоли юқори бўлади.