Вазирлар Маҳкамасининг 30.10.2017 йилдаги 878-сон «Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчилари ва уларнинг тренерларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Ҳужжат билан:

•  Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларига тўланадиган умрбод ойлик тўловлар тўлаш;
•  Юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаган мураббийларга тўланадиган бир марталик пул мукофотларини бериш;
•  Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларининг саломатлигини санаторий-соғломлаштириш муассасаларида мустаҳкамлаш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган спортчиларни ва уларнинг мураббийларини рағбатлантириш чора-тадбирлари Президентининг 10.08.2017йилдаги ПҚ–3196-сон қарорида белгиланган эди.

Олимпиячиларга тўловлар

Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар – Ўзбекистон фуқаролари аризалари қондирилган тақдирда қуйидаги миқдордаги тўловларни ҳар ойда олишади:

•  олтин медаль учун – ЭКИҲнинг 10 баравари;
•  кумуш ва бронза медаллари учун – ЭКИҲнинг 5 баравари.

Тўловларни олиш учун спортчилар ҳар йили 1 декабрга қадар Давлат спорт қўмитасига белгиланган шаклдаги ариза, паспорт нусхаси ҳамда Ўйин ғолиби ёки совриндорнинг дипломи нусхаларини топширишлари зарур. Спортчиларнинг аризалари Давлат спорт қўмитаси ва Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури бажарилишини мувофиқлаштирувчи республика комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Тўловлар Комиссия тақдимномасига асосан Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланади.

Тўловлар қуйидаги ҳолатларда бекор қилинади:

•  Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилганда ёки спорт мусобақаларида бошқа давлат номидан иштирок этганда;
•  Бутунжаҳон антидопинг ташкилоти (WADA) томонидан тақиқланган дори воситалари қўллагани аниқланиб, Олимпия ва Паралимпия ғолиб ва совриндорлигидан маҳрум этилганда;
•  суд қарорига мувофиқ озодликдан маҳрум этилганда;
•  спортчи вафот этганда.

Мураббийларга тўловлар

1.01.2018 йилдан бошлаб нуфузли халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришган спортчиларнинг мураббийларига бир марталик пул мукофотлари берилади.   

Олимпиячиларни санаторийларда соғломлаштириш

Олимпия ва паралимпия ғолиблари ҳамда совриндорлари ҳар йили ўзларига қулай бўлган вақтда Ўзбекистон санаторийларида соғломлаштириш курсларидан бепул ўтишлари мумкин. Бунинг учун улар 1 сентябрга қадар Давлат спорт қўмитасига қуйидагиларни топширишлари зарур:

•  белгиланган намуна бўйича ариза;
•  паспорт ва Ўйинлар ғолиби ёки совриндори дипломлари нусхалари.

Соғломлаштириш йўлланмалари даволаш-профилактика муассасалари томонидан спортчини бепул диспансеризациялаш натижасига кўра аниқланади. Бунда спортчиларга "стандарт" ётоқхоналардан жой берилади. Қўшимча хизматлар – ўз ҳисобидан. Низомда спортчиларни санаторийга йўналтиришнинг батафсил схемаси келтирилган.

Ҳужжат 31.10.2017 йилдан кучга кирди.