Мамлакатимизга ташриф буюрган Саудия Арабистони – Ўзбекистон парламентлараро дўстлик қўмитаси раиси ўринбосари Аҳмад бин Муҳаммад ал-Ҳомидий бошчилигидаги делегация қатор учрашувлар ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ўтган мулоқот чоғида Ўзбекистон Саудия Арабистони Қироллиги билан ўзаро муносабатларни барча соҳаларда, жумладан, парламентлараро ҳамкорлик йўналишида ҳам ривожлантиришга муҳим аҳамият қаратаётгани таъкидланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 21 май куни Саудия Арабистонига ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги мулоқотни чуқурлаштириш учун янги имкониятлар очиб бергани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хорижий мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида ўтган учрашувда меҳмонларга Ҳаракатлар стратегияси асосида Ўзбекистонда янгиланган ички ва ташқи сиёсат олиб борилаётгани, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, унинг халқ билан яқинлигини таъминлаш, парламентнинг ижро ҳокимияти устидан назоратини кучайтириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Тадбирда парламентлараро алоқаларнинг бугунги ҳолати ва уларни мустаҳкамлаш, жумладан, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳақида ҳам фикр алмашилди.

Томонлар парламент делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини чуқурлаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Саудия Арабистони Қироллиги парламент делегацияси аъзолари Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази ва Тошкент давлат шарқшунослик институти раҳбарияти билан ҳам учрашди.

Суҳбат давомида Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, диний бағрикенглик, ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш борасидаги изчил ишлар тўғрисида маълумот берилди. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази буюк аждодларимизнинг ноёб меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, улар билан халқимиз ва жаҳон жамоатчилигини таништириш, динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини тарғиб этиш, ёш авлодни умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш каби эзгу мақсадларга хизмат қилиши таъкидланди.

– Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк алломаларнинг ҳадис ва калом илми, тиббиёт, фалакиёт, тарих, математика каби фанлар ривожига қўшган ҳиссаси Саудия Арабистонида юксак қадрланади, – деди Аҳмад бин Муҳаммад ал-Ҳомидий. – Ўзбекистонга ташрифимиз давомида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида юртингизда иқтисодиёт, парламентаризм, ташқи сиёсат соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдик. Айниқса, Ўзбекистонда ислом динининг асл мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар бизда катта таассурот уйғотди. Келгусида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан бу йўналишдаги хамкорлик кўп томонлама муносабатларга ижобий таъсир кўрсатади.

Учрашув якунида меҳмонлар Ҳазрати Имом мажмуасидаги масжид ва Усмон мусҳафи билан танишди.

Саудия Арабистони – Ўзбекистон парламентлараро дўстлик қўмитаси делегацияси мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идораларида ҳам учрашувлар ўтказди.