Саудия Арабистони ҳукумати қироллик хонадони аъзоларидан бири полиция томонидан отиб ўлдирилгани ҳақидаги хабарни рад этди. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда.

Ҳукумат вакилининг сўзларига кўра, ОАВда айтилганидек, саудиялик шаҳзодалардан бири қўлга олиш вақтида қаршилик кўрсатгани учун отиб ўлдирилмаган, у айни вақтда «тирик ва соғ».

Бундан аввалроқ маҳаллий нашрлар 44 ёшли шаҳзода Абдулазиз ибн Фаҳд полициячиларга қаршилик кўрсатганида ўқ тегиши оқибатида ҳалок бўлганини ёзганди.

Шунингдек, бу шаҳзода Ливаннинг собиқ бош вазири Саад Ҳаририйга тегишли бўлган Saudi Oger Ltd компанияси ишига «аралашгани» қўшимча қилинган.

Бундан аввалроқ саудиялик шаҳзодалардан бири Мансур ибн Мукрин вертолёт ҳалокати оқибатида ҳалок бўлганди.

5 ноябрь куни Саудия Арабистонида 4 вазир ва 11 шаҳзода коррупцияда айбланиб қўлга олинди.

Қатар нашри Саудия Арабистонидаги бу ишларни «Тахтлар ўйини» сериали воқеалари билан таққослади.