Саудия Арабистони подшоҳлигини бошқарувчи элита орасида сўнгги кунларда юз бераётган ҳодисалар, айрим кузатувчиларга кўра, 32 ёшли валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг радикал иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлари доирасида ҳокимиятни ўз ихтиёрига олиш учун кескин қадамлардир. 

Кузатиб бораётган бўлсангиз, 4 ноябрда Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдул Азиз Ол Сауд коррупцияга қарши кураш бўйича фармонни имзолади. Шундан сўнг, Al Arabiya телеканалига кўра, подшоҳ оиласининг 11 аъзоси, ўнлаб вазирлар ва тадбиркорлар ушланди. Уларнинг барчаси порахўрликда айбланмоқда. 

Баъзи экспертлар радикал ислоҳотларга бош-қош бўлаётган Муҳаммад бин Салмон шу йўл билан ўз ўрнини мустаҳкамлаб олаётганини айтишмоқда. 

RBS (Royal Bank of Scotland) банкининг товар бозорларидаги стратегияси бўйича раҳбари Ҳалима Крофтнинг айтишича, Саудиядаги воқеалар энг янги тарихда кузатилмагандир. «Ҳозирда вазиятни олдиндан тахмин қилиб бўлмайди», — деган Крофт. Унинг сўзларига кўра, Саудия подшоҳлик оиласи 1975 йилдан бери, келишув асосига қурилган ҳокимият тузилмасига риоя этиб келади. 

«Бу сафарги ҳодисалар аввал кўрганларимиздан фарқ қилади», — дейди Крофт. 

Аввалроқ, мамлакатни ривожлантириш бўйича Vision 2030 дастурини тақдим қилган валиаҳд шаҳзода Saudi Aramco давлат нефть компаниясининг қимматли қоғозларини биржага жойлаштиришини билдирган эди. Ундан тушган маблағлар эса, иқтисодиётнинг бошқа соҳаларини ривожлантиришга сарфланиши белгиланган. 

Шу ўринда савол туғилади: Саудия Арабистонидаги воқеалар бозорларни беқарорлаштириши мумкинми? Ҳафта бошида нефть нархи бирданига кўтарилиб, Brent навли нефтнинг бир баррели 64 долларни ташкил этди. 

«Нархларнинг кўтарилиши Саудия Арабистонидаги ноаниқликларга нисбатан бозорнинг муносабатидир. Хусусан, Brent 2015 йил июлидан буён кузатилмаган нархга интилмоқда», — дейди Sun Global Investments компанияси асосчиси ва бош директори Мхир Кападиа MarketWatch нашрига интервьюсида. 

Capital Economics фирмасининг Яқин Шарқ бўйича эксперти Жейсон Тувининг айтишича, Саудия подшоҳлигидаги ҳодисалар, мамлакатда одатдаги келишув сиёсатидан оз кечилганини англатса, бозорларда кескин ҳаракатларга асос бўлиши мумкин.  RBS эксперти Крофтнинг сўзларига биноан подшоҳликда кучлар алмашинуви оқибатларига энди гувоҳ бўлинади. 

«Бу шаҳзода Муҳаммаднинг сиёсати бир йилдан муваффақият қозониши ёки йўқлигига боғлиқдир. Агар ўша вақтга келиб, муҳим лавозимларга ўз тарафдорларини тайинлай олса, у мамлакатни модернизация қилиш йўлидаги зарурий қадам бўлди, дея олади», — дейди Крофт.