Сурия армияси ИШИД қўлида қолган охирги шаҳар — Абу-Камолни қамал қилишга киришди. Бу ҳақда бугун, 8 ноябрь куни Reuters агентлиги Сурия армияси билан иттифоқчиликда ҳаракатланаётган шиаларнинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига яқин бўлган Al-Manar телеканали маълумотига асосланиб хабар тарқатди.

Шаҳарни қамал қилиш ҳаракатлари бошланаётгани ҳақида 28 октябрь куни АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция вакили ҳам маълум қилганди. Коалиция расмийси, полковник Райан Диллоннинг сўзларига кўра, Ироқда Мўсул ва Сурияда Раққа озод қилингач, Абу-Камол террорчиларнинг сўнгги таянч нуқтасига айланганди. Шу билан бирга, ИШИД тўла мағлуб этилиши, жангарилар мағлубиятни тан олиб таслим бўлиши учун қанча вақт кетишини айтиб бўлмайди.

17 октябрь куни Вашингтонда ИШИД пойтахти Раққа озод қилингач, АҚШнинг Суриядаги кейинги ҳаракатлари бўйича режаси йўқлиги маълум қилинганди. Қайд этилишича, АҚШнинг энг муҳим вазифаларидан бири — Суриянинг шарқий қисми Дамашқ ёки Эрон назоратига қайтмаслигини таъминлаш. Бундан ташқари, Вашингтондагилар Сурияда ҳукумат ўзгариши бўйича якдил фикрга эга эмас.