8 ноябрь куни Европа Тикланиш ва Тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Тошкент шаҳрида жойлашган Ўзбекистон банклар ассоциацияси биносида ўз иш фаолиятини бошлади.

Kun.uz мухбири хабар беришича, умумий қиймати 120 миллион АҚШ долларига тенг учта кредит шартномаси имзоланган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси биринчиси ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамда ЕТТБ Банк вице-президенти Филипп Беннет иштирок этди.

«​Биз бугун, дарҳақиқат, тарихий ҳодисанинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Шу йилнинг март ойи Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки президенти Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлганда, биринчи қўйилган масала шу бўлдики, «қачон Ўзбекистонда ЕТТБ ваколатхонаси очилади?». Шунда банк вакиллари «балки бу ишни тез бажара олмасмиз», деб фикр билдирган. Лекин, орадан ярим йил ўтмасдан, катта мамнуният билан таъкидлаш лозимки, бир неча юз миллион долларлик кредит йўлаклари очилмоқда, ва ниҳоят, мана шу бинода банк ўз ваколатхонасини очмоқда»​, дейди Содиқ Сафоев.

Банк вице-президенти Филипп Беннет Ўзбекистон ҳукуматига ўз миннатдорчилигини билдириб, муассаса фаолияти молиявий кўмак бериш билан чекланиб қолмаслигини айтиб ўтди.

«​Биз фақат кредит тақдим этиш билан эмас, балки турли масалаларда ўз тажрибамиз билан ўртоқлашишга тайёрмиз. Шунингдек, ҳамкорликни турли кўринишда ва босқичда давом эттиришга очиқлигимизни билдираман. Мамлакатда ҳукумат билан тузилажак шартномаларни бажаришдан ташқари, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга, маданий обидаларни сақлашга, инфратузилмани янада яхшилашда кўмак беришга тайёрмиз»​, дейди у.

Беннет Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича стратегик лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади. Эндиликда банк вакиллари Ўзбекистонга кўп ташриф буюриши, келгуси йил март ойида эса Директорлар ижроия кенгаши аъзолари Тошкентга ташриф буюриши режалаштирилгани маълум бўлди.

Қисқа давр ичида ЕТТБ Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган Agromir Juice агросаноат корхонаси ҳамда Mutabar Medical Standart ишлаб чиқариш корхонасига 10 миллион АҚШ доллар қийматида кредит ажратди.

Наманган, Хоразм вилояти ва Тошкентда сув ҳамда иссиқлик манбасини ривожлантиришга қаратилган бешта лойиҳани умумий қиймати 215 миллион АҚШ долларига тенг кредит билан молиялаштириш бўйича келишиб олинди.