2025 йилга бориб, Ўзбекистон Doing Business рейтингдаги энг етакчи 20 мамлакат қаторига қўшилишни режалаштирмоқда. 8 ноябрда бўлиб ўтган халқаро доираларнинг инвестицион иқлимни яхшилашга бағишланган йиғилишида Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси А.Аҳмадхўжаев шу ҳақида маълум қилди. Тадбирда қатнашган KUN.UZ мухбири шу ҳақида хабар берди. 

Аҳмадхўжаевнинг сўзларига кўра, 2017 йил бошидан Ўзбекистонга киритилган хорижий инвестициялар қиймати 4,2 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. 2011-2016 йилларда мамлакатга киритилувчи инвестициялар ҳажми 40 фоизга пасайган. Сўнгги вақтларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида уларнинг ҳажмини оширишга муваффақ бўлинди. 

Таъкидлаш жоизки, 3.7 миллиард доллар Жанубий Корея, АҚШ, Туркия, Германия, Япония ва Россия каби мамлакатларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларига тўғри келган. 

Қўмита раисининг таъкидлашича, сўнгги беш йилда Ўзбекистон Doing Business рейтингида 166-ўриндан 74-поғонага кўтарилган. 2025 йилга бориб, Ўзбекистон рейтингдаги энг етакчи 20 мамлакат қаторига қўшилишни режалаштирмоқда. Бунинг учун эса инвестицион тизим янада такомиллаштирилади.