Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (ТИФ МБ) 2017 йилнинг 8 ноябрь куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан кичик бизнес ва савдони қўллаб-қувватлашга доир 100 миллион АҚШ долларлик заём келишувини имзолади. Банк матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи молиялаштириш дастури 70 миллион АҚШ долларини, ЕТТБнинг савдога кўмаклашиш дастури доирасидаги лимит эса 30 миллион долларни ташкил қилади.

Ўзбекистон миллий банки бошқаруви раиси Суҳроб Холмуродов ТИФ МБ ва ЕТТБ ўртасидаги келишувнинг имзоланиши ўзаро ҳамкорлик ва янги лойиҳаларни амалга оширишдаги янги босқични бошлаб беришига ишонч билдирди. У ЕТТБни Ўзбекистонда кўришдан хурсанд эканини билдириб, ЕТТБ салоҳиятининг мустаҳкамланиши республика иқтисодиёти учун ажойиб актив бўлишини таъкидлади. 

ЕТТБнинг биринчи вице-президенти Фил Беннетт бу борада шундай дейди: "Биз сармоя киритувчи мамлакатларда бирга ишловчи ҳамкор-банклар оиласида ТИФ МБни кўрганимиздан шодмиз. Ишончим комилки, бизнинг кредит линияларимиз ва молиявий ноу-хауларимиз ўзбекистонлик хусусий микро, кичик ва ўрта корхоналарга мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш йўлида кучли, барқарор ва фаол фаолият юритишга ёрдам беради. Янги маблағларга эга бўлиш уларга ўз салоҳиятини амалга оширишда кўмак беришига умид қиламиз".

ЕТТБнинг савдога кўмаклашиш дастури ТИФ МБга импорт ва экспорт операцияларини қўллаб-қувватлашга, банк хизмат тизимини ривожлантиришга ва савдони молиялаштириш учун маҳсулотлар ассортиментини мустаҳкамлашга ёрдам беради.