Аҳоли орасида коммунал тўловлардан, яъни нореал қарздорлик ҳақидаги суҳбатлар қулоққа чалиниб туради. Кимдир табиий газдан тўловларни ўз вақтида тўлаб борса ҳам назоратчилар келиб, “фалон сўм қарзингизни тўлаб қўйинг”, деган важни айтишмоқда. Аслида бундай ишларни айрим нафси ҳакалак отган назоратчилар қилаётганликлари ҳам аниқланмоқда, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Таъкидлаш жоизки, бундай ҳолатлар халқ орасида ҳақли норозилик ва эътирозлар юзага келишига, ариза ва шикоятлар ёзилишига сабаб бўлади. Қолаверса, адолат мезонлари бузилган жойда ўз-ўзидан қонунбузарлик ва жиноятга йўл очилади.

Умид Жумаев (исм-фамилияси ўзгартирилган) 2013 йилда “Ғарбгазтаъминот” унитар корхонаси “Ромитангаз” филиалига ишга кирган бўлиб, уч йил давомида ўзининг ишини “пухта” ўрганди. Аниқроғи, у бу даврда назоратчи сифатида истеъмолчиларни “чув” туширишни, уларнинг ишончига кириб, пора талаб қилиш йўлларини ўзлаштирди. Шу боис жиноят жарлиги ёқасига келганини пайқамай ҳам қолди. 

Ромитан туманидаги “Гараншоҳ”, “Боғисайдон”, “Боғитуркон”, “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудуди назоратчиси бўлган У.Жумаев ўзига бириктирилган ҳудудда яшовчи аҳолининг газ ҳисоблагич кўрсаткичларини ҳар ойда ёзиб бориши, табиий газдан ноқонуний фойдаланганлик ҳолатларини аниқласа, уларни бартараф этиши, газ тўловларидан қарзи бўлган истеъмолчиларни белгиланган тартибда огоҳлантириб, тегишли тартибдаги ҳисоботларни филиал назоратчилар бўлими катта устасига тақдим этиши керак эди. Бироқ бу шахс...

У.Жумаев “Қаҳрамон” қишлоғида яшовчи фуқаро Карим Зариповни жуда яхши танийди. Назоратчи 2014 йил охирида хонадон эгасининг табиий газдан бўлган қарздорлиги учун далолатнома тузиб, ўз вазифасини ҳалол бажарган эди. У 2015-2016 йиллар бўйича ҳам истеъмолчининг қарздорлигини аниқлади-ю, фикри бузилди. “Пул ишлашни айни мавриди келди”, дея “иш”га киришди.

-  “Ҳисобдон”ни стандартдан ўтказиладиган муддати ўтиб кетибди. 3 миллион сўмга яқин қарзингиз ҳам бор.., - У.Жумаев бироз ўйланиб туриб, гапида давом этди. – Нима қиламиз?

-  Бирор иложи бордир? – деди хонадон эгаси.

-  Майли, мен сизни тушундим. Таниш бўлганингиз учун сизга ёрдам бермоқчиман. Сиз бемалол газдан фойдаланаверинг. Кейин ўзаро ҳисоб-китоб қиламиз.

Ўтган йилнинг августида У.Жумаев телефонда К.Зарипов билан гаплашади.

-  Қарзингизни компьютердан бироз камайтирдим, ака. 1 млн. 200 сўмча қарзингиз қолди.

-  Барака топинг укам! Бизга нима хизмат? – сўради К.Зарипов.

-  Ҳа-я, 200 АҚШ доллари эсингиздан чиқмасин. Эртага идорада кутаман.

У.Жумаев хонадон эгасини кутиб чарчади. К.Зариповдан эса дарак йўқ. Назоратчининг виждони уйғониши учун аслида бу ҳам бир имконият эди. Афсуски, унинг виждони уйғонмади. Аксинча, яна кутишга сабри чидамай, К.Зариповнинг қўл телефонига қўнғироқ қилди. Рақами ўчирилганини эшитиб, баттар асабийлашди. Унинг қўшнисига қўнғироқ қилди.

-  Карим маҳалладаги Одил аканинг чойхонасида, биласиз-ку ўша ерни.

Таманинг ортидан “оёғини қўлга олиб югурган” назоратчи 250 АҚШ долларини чўнтакка солишга улгурди, холос. У.Жумаев СВОЖЖДЛҚК департаменти ходимлари томонидан жиноят устида қўлга олинди.

У.Жумаевга суд ҳукмига асосан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.