Абу-Дабида чоршанба куни Лувр филиалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Бирлашган Араб Амирликлари ва Франция президентлари Халифа бин Зайд Ол Наҳаён ҳамда Эммануэль Макрон иштирок этди. БААда 10 йил давомида кутилган музейнинг ишга туширилганлиги муносабати билан ўтказилаётган маросимлар жуда улуғвор бўлиб, кенг кўламда ташкиллаштирилди. Бирлашган Араб Амирликлари ҳаётидаги муҳим маданий тадбир Sky News Arabia телеканали томонидан трансляция қилинган.

Музей биноси франциялик меъмор Жан Новел томонидан лойиҳалаштирилган бўлиб, унинг ўзи санъат асари кабидир. Иншоот Амирликлар пойтахти марказидан унча узоқ бўлмаган, Форс кўрфазидаги Саадият оролида қурилди. 

Музей 97 минг квадрат метр майдонда жойлашган. Асосий бинонинг энг устида пальма новдаларининг тўқилишига ўхшаш гумбаз бор. Унинг диаметри 180 метрни ташкил этади ва ғояга кўра, у ўз сояси билан музей мажмуасининг учдан икки қисмини ёпиб туради. Мажмуанинг ўзи эса 55 та қордек оқ бинодан иборат, улар араб шаҳарсозлиги услубида қурилган.

Фото: LouvreAbuDhabi.ae
Фото: LouvreAbuDhabi.ae

Луврнинг Абу-Дабидаги филиали 11 ноябрь куни кенг жамоатчилик учун очилади. Бу ерда 23 та зал доимий экспозициялар учун ажратилган. У ерда 600 та санъат асари тақдим этилади. Ташриф буюрувчилар Леонардо да Винчи, Винсент ван Гог, Пабло Пикассо, Эдуард Мане, Поль Гоген ва бошқа буюк рассомлар ҳамда ҳайкалтарошларнинг ишларини томоша қилишлари мумкин.

2007 йилда Париж ва Абу-Даби Бирлашган Араб Амирликларида Лувр филиалини ташкил этишни назарда тутувчи ҳукуматлараро битимни имзолади. Ҳужжат 30 йилга мўлжалланган бўлиб, унга кўра, хусусан, Париж музейга санъат асарлари ва экспертиза бўйича хизматларни тақдим этади, у ерда вақтинчалик кўргазмалар ташкил қилади. Номни олиш учун - музей мажмуи расмий равишда Абу-Даби Луври деб аталади - Париж музейи 2037 йилгача 400 миллион евро олади.

Фото: LouvreAbuDhabi.ae
Фото: LouvreAbuDhabi.ae

Франция Луврининг филиалини қуриш учун 1 миллиард евродан ортиқ маблағ сарфланди. Режага кўра, яқин келажакда Саадият оролида яна иккита маданий марказ очилади - АҚШнинг Соломон Гуггенҳайм музейи ва шайх Зайд Миллий тарихий музейи филиали.