Расмий статистика маълумотларига кўра, дунёда рўй берадиган ҳар бешта автоҳалокатнинг биттаси мудроқдан қийналаётган ёки рулда ухлаб қолган ҳайдовчи айби билан содир бўлади. Айни шу нарсага барҳам бериш мақсадида жуда кўплаб турли хил ускуналар ишлаб чиқилган. Аммо яқинда Американинг Ford автоконцерни мутахассислари GTB фирмаси муҳандислари билан ҳамкорликда, айтиш мумкинки, бу борадаги энг юқори технологияли маҳсулотни тақдим этишди. Ақлли кепка ҳайдовчига рулни бошқараётганда ухлашга йўл қўймайди. 

Биринчи навбатда ушбу бош кийими таксичилар ва узоққа қатновчи ҳайдовчиларга мўлжалланган. Яъни кўп вақтини рулда ўтказадиганлар учун ишлаб чиқилган. Аммо электрон бош кийим оддий ҳайдовчиларга ҳам фойда бериши мумкин. 

Кепка гироскоплар ва бир нечта бошқа қурилмалар билан жиҳозланган бўлиб, у бош ҳолатини ва ҳаракатини қайд этиб боради. Бундан ташқари, қурилмани бошқариш учун смартфон учун махсус илова ҳам бор. 

Юқори технологияли кепка барча ускуналар кўрсаткичларини таҳлил қилиб боради. Агар бош ҳолати тўсатдан ўзгарса ёки орқага кетиши қайд этилса, кепка кучли тебранишни бошлайди, ҳайдовчи кўзига ёруғлиқ диодларини ёқиб-ўчиради ҳамда товуш чиқаради. Бу ҳайдовчининг уйғонишига туртки беради. Бу нафақат ҳайдовчини ухлатмайди, балки тетиклик тақдим этади. 

Айни вақтда ишлаб чиқарувчилар унинг аниқ қийматини айтишгани йўқ. Ford вакиллари Ford юк машинасининг 60 йиллиги муносабати билан Бразилияда ўтказиладиган тантаналарда кепка нархини эълон қилишга ваъда беришмоқда.