Техас штати ҳукумати Мексика фуқароси Рубен Карденас Рамиресга нисбатан чиқарилган ўлим жазоси ижросини амалга оширди. Ваҳоланки, БМТ Рамиреснинг иши қайта кўриб чиқилишини талаб қилган эди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар бермоқда

БМТ мутахассислари аввалроқ Вашингтонни Рамиреснинг иши қайта кўриб чиқилмасдан унинг қатл этилиши АҚШ томондан халқаро стандартлар бажарилмаслиги ва қатл “бировни ўлдиришдек” қабул қилинишидан огоҳлантирганди.    

Техасдаги қамоқлардан бирида сақланган 47 ёшли Рамирес 9 ноябрга ўтар кечаси дори воситасини киритиш орқали қатл этилган. Қатлдан аввал ушбу ҳукм бўйича бир қатор аппеляциялар берилган, бироқ уларнинг барчаси рад этилган. 

Рамирес ўзининг 16 ёшли холаваччаси Майра Лагунани зўрлагани ва ўлдиргани учун 1998 йилда ўлим жазосига маҳкум қилинган. У бу жиноятни 1997 йил гиёҳванд моддалар таъсирида амалга оширган. Рамирес сўроқлар вақтида ўз айбини тан олган. Бироқ БМТ мутахассислари тергов давомида кўплаб қоидабузарликларга йўл қўйилганига ишора қилишган.

Жумладан, айбланувчи қўлга олингандан кейин 11 кун давомида адвокат билан гаплашиш имконига эга бўлмаган. Бундан ташқари, Рамирес ҳибсга олинганда хорижий фуқаро сифатида консуллик ёрдами олиш ҳуқуқига эга эканлигидан хабардор қилинмаган. БМТнинг халқаро суди кейинчалик АҚШ бу ишда консуллик алоқалари бўйича Вена конвенцияси бўйича мажбуриятларини бузгани ҳақидаги хулосага келган ва шу сабабли иш қайта кўрилиши лозим бўлган.   

БМТ мутахассислари айнан шунга асосланиб АҚШни ўлим жазосини бекор қилишга ва барча халқаро меъёрларга амал қилинган ҳолда янги суд жараёнини ўтказиш кераклигига чақиришганди.