АҚШнинг Техас штатида Falcon 9 ракетаси учун мўлжалланган Merlin двигателининг янги модификацияси синовлар вақтида портлаб кетгани маълум қилинди. Бу ҳақда The Washington Post нашри хабар берди.

Воқеа 5 ноябрда SpaceX компаниясининг полигонида юз берган. Воқеа оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Ушбу ҳолат юзасидан “батафсил ва очиқ тергов бошланган” ва шу сабабли бу турдаги двигателларнинг синовлари вақтинчалик тўхтатиб қўйилган.

SpaceX вакилининг айтишича, ушбу авария Falcon 9 ракеталари парвоз жадвалига таъсир қилмайди. SpaceX ракетани яқин орада камида уч марта учирмоқчи. Навбатдаги парвоз кейинги ҳафтага белгиланган.

Бу компаниянинг ракеталари билан юз бераётган биринчи кўнгилсиз ҳодиса эмас. 2016 йил сентябрида парвоз олди синовлари вақтида SpaceX’нинг парвоз майдончасида Falcon 9’нинг ўзи ёнилғи билан тўлдирилаётган вақтда портлаб кетган. 2015 йил июнида эса ракета парвозининг 139-сониясида портлаб кетган. Бунинг оқибатида Dragon юк кемаси ва 8 та Flock 1f сунъий йўлдоши йўқотилган.