Инҳа университети “Joongang Daily” нашри томонидан чоп этилган Жанубий Корея олий ўқув юртлари рейтингида 10-ўриндан 8-ўринга кўтарилди. Рейтингдан 189  университет ўрин олган.

“Joongang Daily” нашрининг университетлар рейтинги Жанубий Кореялик олий ўқув юртлари учун бошқа халқаро рейтинглардан муҳимроқ. Шу боис улар мазкур  рейтингдаги натижаларини мунтазам равишда яхшилаб боришга ҳаракат қилишади.

Рейтинг университетлар фаолиятини тадқиқот, таълим, ўқув юрти битирувчиларини иш билан таъминлаш даражаси, фонд фаолияти ва бошқа кўрсаткичлар асосида баҳолайди.

Янги “Joongang Daily” рейтингида Корея Республикасидаги Инҳа университети 182 балл билан 8-ўринни эгаллади. Ўтган йили университет 177 балл билан 10-поғонада эди.

Таъкидлаш лозимки, Корея Республикасидаги Инҳа университети 2014 йилдан бери ушбу рейтингдаги натижасини янгилаб келмоқда. 2014 йилда “Joongang Daily” рейтингида Корея Республикасидаги Инҳа университети 14-ўринда бўлса, 2015 йилда таълим муассассаси 13-ўринга кўтарилган. Ўтган йили эса университет 10-поғонани эгаллади.

Инҳа университети кўрсаткичларнинг аксариятида биринчи 10 таликка киритилган ёки унга яқин ўринларда жойлашган. Мисол учун, олий ўқув юрти “Талабаларнинг ўзлаштириши” кўрсаткичи бўйича 3-ўринни эгаллаган. “Ходимларни ишга олиш учун тавсия қилинадиган университет” ва “Мактабни битиргач, ўқиш учун энг яхши университет” бўйича эса 6-ўринни эгаллаган.

Таъкидлаш жоизки, Корея Республикасидаги Инҳа университети Ўзбекистонда ҳам ўзининг юқори сифатли дастурларини таклиф этмоқда. 2014 йилда Тошкент шаҳрида Инҳа университети очилди. Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ёшларга «Компьютер ва дастурий инжиниринг» ва «Логистика» йўналишлари бўйича ўқув дастурларини таклиф этиб келмоқда.

IUT ректори Сарвар Бобохўжаев шундай деди: “Тошкент шаҳридаги Инҳа университети жамоаси номидан Корея Республикасидаги Инҳа университетини ушбу натижаси билан қутлайман. Мазкур рейтинг Корея Республикасидаги Инҳа университети юқори сифатли таълим ва тадқиқотлар дастурларини таклиф этишининг исботидир”.

“IUT ўқув дастури Корея Республикасидаги Инҳа университетининг таълим дастурларига тўлиқ асосланган. Корея Республикасидаги Инҳа университети вакиллари таълим сифатини таъминлаш учун IUT'даги академик жараёнларни назорат қилишади”, - деди у.

“IUT'да юқори малакали хорижий ва маҳаллий профессорлар ишлашади ва улар ёшлар билан ўз билимлари ва тажрибаларини ўртоқлашишади”, - қўшимча қилди IUT ректори.