Россия таркибига кирувчи Удмуртистон Республикасининг пойтахти ҳисобланувчи Ижевск шаҳрида 9 қаватли турар-жой биносининг қулаши оқибатида уч киши ҳалок бўлди, 4 киши, жумладан бир қутқарувчи жароҳат олди. Бу ҳақда Удмуртистон соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили маълум қилди.   

“Маълумки, уч киши ҳалок бўлган. Икки кишининг жасади тиббий экспертизалар бюросига олиб кетилган, учинчи жасад вайроналар остидан чиқариб олинмоқда”, деб айтган агентлик манбаси. Унинг айтишича, жароҳатланганлар 4 кишидан иборат: 2 ўсмир, 55 ёшли аёл ва қутқарув ишлари вақтида жароҳат олган қутқарувчи.

9 ноябрда бинонинг бир подъезди 9 қаватдан 1 қаватгача қулаб тушган. 8 та хонадон тўлиқ вайрон бўлган. Уларда 28 киши яшаган.

Вайроналар остида яна одамлар қолаётган бўлиши мумкин. Уларни қидириш ишлари олиб борилмоқда. Воқеа жойида 400 га яқин одам ва 100 га яқин техника ишламоқда. Ишлар тўхтовсиз давом этади, уйнинг қолган қисми қанчалик мустаҳкамлигини аниқлаш мақсадида у “Струна” мобил мажмуаси ёрдамида текширилади ва унинг келгуси тақдири борасида қарор қабул қилинади. Уйдаги барча аҳоли эвакуация қилинган. Улар яқин орадаги иккита мактабда жойлаштирилганлар. 

Бинода ҳаммаси бўлиб 6 та подъезд бўлган. Уй 27 йил аввал қурилган ва унда тахминан 550 киши рўйхатдан ўтган бўлган.

Гувоҳларнинг айтишларича, кучли портлаш ва уйнинг юқори қаватларида чақнаш кузатилган. Сўнгра кучли тутун тарқала бошлаган. Уларнинг фикрича, газ портлаган.

Ушбу фожиа юзасидан жиноий иш қўзғатилган. Уйнинг қулашига маиший газ портлаши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Республика раҳбари Александр Бречалов ушбу ҳодиса билан боғлиқ ҳолда республика бўйича фавқулодда вазият тартибини киритган.