Барча мамлакатларнинг 2015 йилдан 2050 йилгача қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ)га ўтишига доир тадқиқот Лаппеенранта технология университети (Финляндия) ва Energy Watch (EWG) халқаро тадқиқот гуруҳи мутахассислари томонидан ҚТЭМ халқаро кўргазмаси учун махсус тайёрланди. Кўргазма 8 ноябрь куни БМТнинг Бонндаги Иқлим ўзгаришига доир анжумани доирасида очилди. Тадбир мавқеининг ўзи маъруза ҳеч бўлмаганда Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан қўлланма сифатида қўлланишига ишора қилмоқда. Бу уларнинг қазиб олинувчи ёнилғидан воз кечиш жараёнининг тезлашишини билдиради

Тадқиқот муаллифлари 2050 йилга бориб нафақат қайта тикланувчи энергия манбаларига тўлиқ ўтиш бўйича технологик имкониятлар борасида, балки уларнинг углеводород ҳамда атом манбаларга нисбатан иқтисодий самараси ҳам катта эканига борасида бирдек хулосага келишди. 

"2050 йилга бориб мавжуд технологиялар асосида электр таъминоти тизимининг тўлиқ декарбонизацияси амалга оширилиши кутилмоқда ва у амалдаги тизимдан арзонроққа тушади. Энергетик бурилиш аллақачон техник ёки иқтисодий мувофиқлик масаласи эмас, фақат сиёсий вазиятга боғлиқ бўлиб қолган", - дейди тадқиқотнинг етакчи муаллифи Кристиан Брейер.

"Қазиб олинувчи ёки атом энергоресурсларга ҳатто бир доллар киритишдан маъно йўқ, - дейди EWG президенти Ханс-Йозеф Фелл. - Қайта тикланувчи энергия тежамли  энергия таъминотини таъминламоқда. Истиқболдаги кўмир, ядро, газ ва нефть саноатини кенгайтиришга доир барча режалар тўхтатилиши керак".

Олимлар дунё энергетик мувозанати қандай ва нима учун ўзгаришига аниқлик киритишди. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга бориб қайта тикланувчи энергиянинг ўртача қиймати (2015 йилги МВт/с учун 70 евродан) МВт/с учун 52 еврогача пасайиб кетади. ҚТЭМга ўтиш кўрсатилган муддатга бориб энергетика секторида 36 миллион қўшимча иш жойини яратади, бу ҳозирги кўрсаткичларга нисбатан 17 миллионга кўп.

2030 йилга қадар ўсиш суръатларига кўра шамол энергетикаси етакчилик қилади, у 12 йилдан кейин дунё электр энергия истеъмолининг 32 фоизини таъминлайди. Шундан кейин қуёш генерацияси олдинга ўтади, қуёш энергетикасининг дунё энергомувозанатидаги улуши 2050 йилга бориб 69 фоизга ошади. 

Ҳозирда 58 фоизни ташкил қилувчи электр энергиясининг йўқотилиши улуши 26 фоизгача пасаяди. Дунё энергетикаси, ниҳоят, иссиқхона буғлари чиқиндиларидан тўлиқ халос бўлади (ҳозирда бу кўрсаткич йилига 11 гигатонна CO2'ни ташкил қилади).