Ёшлар Иттифоқининг Марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Москвадаги «МИСиС» Миллий тадқиқот технология университетида Россияда таълим олаётган ўзбекистонлик ёшлар билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда тадбирда иштирок этган KUN.UZ мухбири хабар берди.

Қуронбоевнинг тадбирда айтишича, Россияда ўзбекистонлик мигрантларни давлат номидан қўллаб-қувватловчи, бу борада ҳуқуқий нуқтаи назардан ваколатга эга фақатгина иккита ташкилот бор. Биринчиси – Ўзбекистон элчихонаси бўлса, иккинчиси элчихона қошидаги консуллик идораси. Бу борада турли хил фирибгарлардан эҳтиёт бўлиш тавсия қилинди. 

Шунингдек, учрашувда Россиянинг Самара шаҳридаги махсус сақлаш жойида бўлган ва депортацияга тушган ўзбекистонликлар тақдири ҳам тилга олинди. Қуронбоев ҳозирда бу масала билан шуғулланилаётгани ва бу борада ёрдам қилинишини таъкидлади.

Тадбирда таъкидлашича, Ўзбекистон чегарасидан ташқарида юрган ҳар қандай фуқаро Ўзбекистон Республикаси ҳимоясида ҳамда бу ҳимояни Ташқи ишлар вазирлиги, консуллик ваколатхоналари, элчихоналар йўлга қўйиб беради.