8 ноябрь куни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг катта мажлислар залида «Болалар адабиёти: муаммолар ва истиқбол» мавзуидаги илмий-амалий семинар ҳамда «Ўзбек болалар адабиёти антологияси» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари Собир Сайфиевич Шукуров очиб берди. 

2017 йилнинг 8 сентябрида қабул қилинган «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва 2017 йилинг 13 сентябрида «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора тадбирлар дастури тўғрисида»ги Президентимиз Қарори эълон қилинганди. Мазкур қонун ва қарор доирасида бугун кунда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги кўпгина ишларни амалга оширмоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Фанлар академияси билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу семинар ҳам мазкур ишларнинг бир қисмидир. Илмий-амалий семинарда бугунги кунда болалар учун яратилаётган адабиётлар, уларнинг савияси каби кўплаб масалалар муҳокама қилинди. 

Ўзбекистон Фанлар академиясидан адабиётшунос олим Раҳматилла Баракаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан адиб Эркин Малик ва Чўлпон номидаги НМИУ бош муҳаррири Даврон Улуғмуродов бугунги кун болалар адабиёти ва уни чоп этиш муаммолари тўғрисида ўз мулоҳазаларини билдириб маъруза қилишди.

Илмий-амалий семинар якунида Чўлпон номидаги НМИУ томонидан чоп этилган «Ўзбек болалар адабиёти антологияси» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда Х.Тўхтабоев, Анвар Обиджон, Иқбол Мирзо каби таниқли адиблар ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети ўқитувчилари ва талабалари иштирок этишди.