Миллий хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари минтақавий университетлардан бирига гўёки «ўқишга киритиш» учун пул талаб қилиш бўйича фирибгарлик схемасини фош қилишди.

Олинган маълумотга кўра, фуқаро «Ш.Ф.»га Жиззах вилоятилик, вақтинча ишсиз 47 ёшли Искандар Тошбоев мурожаат қилиб, унинг қизини Чирчиқ давлат педагогика институтига киритиш бўйича ёрдам беришни таклиф қилган.

«Эркак ўзининг воситачилик хизматлари учун 5 минг АҚШ доллари талаб қилган, улардан 3 минг доллари аванс сифатида берилиши лозим эди. Шунингдек, Тошбоев қизнинг паспорти нусхаси, тест марказидан йиғилган баллар ҳақида маълумотномани сўраган. Буларни у, ўз сўзларига кўра, гўёки Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги танишларига бермоқчи бўлган», - дея таъкидлаб ўтди МХХ вакили.

МХХ тезкор ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент вакиллари билан ҳамкорликда Тошбоевни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги «Сафари» ресторани ёнида 3 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ушлашди.

Эркак тергов давомида ўз айбини тан олди, унинг сўзларига кўра, олинган маблағларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юбормоқчи бўлган. Шу билан бирга, қўлга олинган шахснинг хабар беришича, ўқишга сохта киритишда унга шу олий ўқув юртининг чизмачилик ўқитувчиси бўлган «Ҳайитбой» исмли шахс кўмак кўрсатаётган бўлган.

«Кейинчалик Чирчиқда Жиззах вилоятида туғилган, Чирчиқ давлат педагогика институтининг доценти 55 ёшли Ҳайитбой Султонов 3 минг доллар ва қизнинг паспорти нусхасини олаётган вақтида ушланди. У сўроқ чоғида ўз айбини тан олди, шунингдек, ўз хатти-ҳаракатларига шахсий бойишга уриниш билан изоҳ берди», - дея айтиб ўтди МХХ ходими.

Шу билан бирга, қўлга олинган шахснинг сўзларига кўра, у жабрланувчининг қизини ОТМга киритиш бўйича қандайдир ҳаракатларни амалга оширмоқчи бўлмаган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168- (Фирибгарлик) ва 211-моддалари (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатди. Тергов доирасида уларнинг эҳтимолий шерикларини аниқлаш бўйича иш олиб борилмоқда.