Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Олмаота шаҳрини электрмобилларга ўтказиш ҳақида гапирди. У бу ҳақда Костанай вилоятига ташрифи давомида маълум қилган, деб хабар бермоқда қозоқ ОАВ.

Мамлакат энергетика вазири Канат Бозумбаев Костанай вилоятидаги "СариаркаАвтоПром" заводида президентга Қозоғистонда йиғилган электр автомобиллар тақдимотини ўтказган. "Бу электрмобиль саккиз соат ичида тўлиқ қувватлантирилади. Шунингдек, фавқулодда қувватлантириш имкони ҳам бор – атиги 40 дақиқада", - деди Канат Бозумбаев.

"Қувват олиш вақти бўйича – бу узоқ. Тезлаштириш керак. Ҳозир Хитой 2040 йилга келиб бутунлай электрмобилларга ўтиши ҳақида маълум қилди, тасаввур қиляпсизми? Биз ҳам ортда қолишимиз керак эмас. Олмаотани электрмобилларга ўтказиш лозим", - дея таъкидлаб ўтди Нурсултон Назарбоев.

Оқўрда матбуот хизматининг хабар беришича, президентга автомобилларни йиғиш бўйича бир неча цехлар кўрсатилган. Шунингдек, Назарбоевга электрмобиллар ишлаб чиқариш учун инфратузилмани ривожлантириш жараёни ҳақида маълумот берилди.