Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар аҳолининг эҳтиёжманд қатлами ижтимоий муҳофазага олинган ҳолда амалга оширилмоқда.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ ўзини ўзи бошқариш органларида ташкил этилган нафақа тайинлаш комиссиялари ариза билан мурожаат қилган фуқароларнинг яшаш шароитлари, даромадларини ўрганиб, хулосаларини беришяпти. Шу тариқа ҳақиқатда муҳтож хонадонларга, шунингдек икки ёшгача фарзанди таъминоти учун оилаларга нафақалар, моддий ёрдам пуллари тайинланиб, тўлаб бориляпти. Бироқ, айрим виждонсиз кимсалар эҳтиёжмандларга нафақа тайинлашдан ҳам “фойдаланиб” қолмоқчи бўлган ҳолатлар учраяпти.

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, Одинахон Саиджонова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) икки ёшгача фарзандига нафақа тайинланиши учун керакли ҳужжатларни “Намуна” қишлоқ фуқаролар йиғини котибасига топширади. Котиба М.Алихўжаева ҳужжатларни қабул қилиб, телефон рақамларини ёзиб олади. Орадан бир неча кун ўтгач, уяли телефонига қўнғироқ қилиб, уйига таклиф қилади. Уйига бориб учраган О.Саиджоновага “синглим, ўзингиз биласиз, раҳбарларимизнинг чўнтагига “раҳмат”ни солиб бўлмайди, агар 300 минг сўм келтириб берсангиз, нафақа аниқ тайинланади”, деб унга ўз манфаатларини тушунтиради. Унинг шартига кўнган аёл бу пулни қаердан топишини ўйлай-ўйлай, қонуний йўлдан боришга аҳд қилди. У СВОЖЖДЛҚК департаментининг Қува туман бўлимига мурожаат қилди. О.Саиджонованинг аризаси бўйича ўтказилган тадбирда қишлоқ фуқаролар йиғинининг биноси ёнида аёлни алдаб, пора беришга ундаган котиби 300 минг сўмни олган пайтида ушланди.

Қирқ олти ёшга кирган М.Алихўжаева икки ёшгача фарзандига нафақа тайинлаш учун мурожаат қилган аёлни алдаб, пора беришга далолат қилганига тўлиқ иқрор бўлди. Суд ҚФЙнинг собиқ котибасига қилмишига мувофиқ жазо тайинлади.