2017 йил 3-чорагида Россиянинг интернет-реклама бозори илк бор телевидениени ортда қолдирди. Рунетда рекламадан 41 млрд рубль, телевидениеда эса 36,2-36,7 млрд рубль даромад олинган. Бутун йил бўйича эса Россия реклама бозори 400 млрд рубллик кўрсаткич билан тарихий рекордни ўрнатиши мумкин. Бу ҳақда Россия коммуникация агентликлари уюшмаси маълумотлари дарак бермоқда.

Умуман олганда, жорий йилнинг илк 9 ойи натижаларига кўра, Россияда интернет-реклама бозори телевидениега деярли етиб олган:  115–116 млрд рублга нисбатан 116–117 млрд рубль.

Тушунтирилишича, даромадларни ҳисоблаш усули бозорнинг алоҳида субъектлари (телеканаллар, сайтлар ва бошқалар)нинг даромадларини эмас, балки медиасегментлар даромадини ҳисобга олади. “Телеканалларнинг сайтларидаги рекламадан олинадиган даромад журналлар ва бошқа турдаги ОАВ сайтларидаги каби интернет-рекламадан олинадиган даромад сифатида ҳисобланади”, деб айтди уюшманинг тадқиқотлар, аудит ва реклама технологиялари қўмитаси раисларидан бири Сергей Веселов.

Россия реклама бозорининг 2017 йилнинг илк 9 ойидаги умумий ҳажми 285-287 млрд рублни ташкил қилди, бу эса ўтган йилги шу даврга нисбатан 14 фоиз кўпроқдир. 

Веселовнинг таъкидлашича, рублнинг долларга нисбатан курси ҳисобга олинса, 2017 йил бўйича Россия реклама бозори ҳажмининг динамикаси долларда 28-30 фоизлик ўсишни қайд қилиши мумкин.

“Миллий реклама бозорларининг ренкинги қоидага кўра долларда тузилгани туфайли Россия реклама бозори кутилаётган 7 млрд долларлик даромад билан дунёдаги энг йирик реклама бозорларининг ўнталигига яқинлашиши мумкин”, деб айтмоқда Веселов.

Интернетда рекламадан даромадлар ошмоқда, бу борада янги йўналишлар очилмоқда, телевидение эса “турғунлик” намойиш қилмоқда, деб ҳисобламоқда Россия президентининг интернет бўйича маслаҳатчиси Герман Клименко.