Россия Ички ишлар вазирлиги Россия Федерацияси билан визасиз режимга эга бўлган мамлакатлардан келган мигрантлардан бармоқ изларини олиш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда Давлат думасидаги ҳукумат соати пайтида нутқ сўзлаган Россия ички ишлар вазири Владимир Колокольцев айтиб ўтди, деб хабар бермоқда РБК.

«Россияга 30 кундан ортиқ муддатга визасиз режимда бўлган давлатлардан келган барча хорижликларнинг бармоқ излари ва суратларини олиш режалаштирилган», - деди у. Айни пайтда маҳкама, вазирнинг аниқлик киритишича, қонунчиликка тегишли ўзгартишларни ишлаб чиқмоқда. 

«Бир қатор қонун лойиҳалари тайёрланмоқда, улардан бири миграция ҳисобига сохта қўйиш имкониятини бартараф этишга қаратилган», - дея қўшимча қилиб ўтди Колокольцев. Вазирлик ташаббуси бўйича, шунингдек, «қабул қилувчи томонга хорижлик чиқиб кетганидан кейин уни ҳисобдан олиш ҳуқуқини бериш режалаштирмоқда». 

Визасиз мамлакатлардан келган хорижликларнинг дактилоскопияси миграция қонунчилигини бузганларни аниқлаш имконини беради, дея маълум қилган миграция қонунчилиги бўйича мутахассис Рустам Қосимов РБК’га. Унинг сўзларига кўра, дактилоскопия Россия Ички ишлар вазирлигининг Миграция масалалари бўйича бош бошқармаси томонидан миграцион патент, вақтинчалик яшаш учун рухсатнома ва яшаш ҳуқуқини берувчи рухсатнома олиш учун ҳужжатлар топширилганда амалга оширилмоқда.