Жанубий Корея ОАВлари ёзда Samsung Display янги Galaxy S9 смартфонлари учун мўлжалланган OLED-экранларни ноябрда, яъни одатдагидан 2 ой олдин етказиб беришни бошлаши маълум қилинганди. Шу маълумотларга асосланиб, Samsung’нинг янги флагман смартфонлари 2018 йилнинг март-апрель ойларидан олдин чиқиши ҳақида гаплар пайдо бўла бошлаганди.

Яқинда эса ишончли манба S9 ва S9+ смартфонлари кейинги ойдаёқ оммавий равишда ишлаб чиқарила бошлашини маълум қилди. Агар янги смартфонларнинг экранлари аввалгидек қолса, унда Samsung’га қурилмаларнинг ичини, жумладан камерани модернизация қилишгина қолади. Манбанинг маълум қилишича, Galaxy S9’нинг орқа қисми сезиларли ўзгаради, бу эса иккита ёнма-ён камеранинг пайдо бўлиши ва эҳтимол, бармоқ излари сканерининг яна олд панелга кўчишини англатади.

Инсайдерларнинг таъкидлашларича, Samsung компанияси iPhone X’га рақобат ташкил қилиш учун Galaxy S9’нинг бозорга чиқишини тезлаштирмоқчи. Шу билан бирга, Galaxy S9 ва S9+ экранларида бармоқ излари сканери бўлмайди ва эҳтимол, у учун экран остида алоҳида жой бўлади. Шунингдек, қурилма iPhone X’даги каби Face ID юзни таниш тизими билан жиҳозланиши ҳам мумкин.