АҚШ президенти Дональд Трамп Пекиндаги учрашувда ХХР раиси Си Цзиньпинга КХДР муаммосини ҳал этиш мумкинлиги ҳақида маълум қилди.

Хитой етакчиси, ўз навбатида, Пекин ва Вашингтоннинг муносабатлари “бутун дунёдаги тинчлик, барқарорлик ҳамда тараққиётга алоқадор эканини” таъкидлаган. “Хитой ҳамда АҚШ учун ягона тўғри танлов бу - кооперация”, - дея қўшимча қилиб ўтган у.

Шунингдек, Си Цзиньпиннинг хабар беришича, Трамп билан Афғонистон ҳамда Корея ярим ороли бўйича мувофиқлаштирувни кучайтириш масаласини муҳокама қилган ва “Хитой-Америка муносабатлари ривожини рағбатлантиришга” келишиб олган.

Эслатиб ўтамиз, Пхеньян ва Вашингтоннинг қарама-қаршилиги АҚШ ҳамда Жанубий Кореянинг ҳарбий машқлари фонида янада кескинлашди. Жанубий Кореяда КХДР таҳдиди туфайли америкалик 28 минг аскар жойлаштирилган. Пхеньян, ўз навбатида, Қўшма Штатлардан хавфсирамоқда ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қаттиқ санкцияларига қарамай, ўзининг ядро ва ракета салоҳиятини кучайтирмоқда.