АҚШ президенти Дональд Трампнинг Пекинга сафари чоғида Хитой ва АҚШ ўртасида имзоланган савдо битимларининг миқдори 280 миллиард долларга етиши мумкин. Бу ҳақда South China Morning Post нашри тегишли ҳужжатлар билан таниш манбаларга таянган ҳолда хабар берди.

Кеча Трамп ташрифи доирасида АҚШ ва Хитой компаниялари 9 миллиард долларлик бир қатор битимларни имзолаганликлари маълум бўлди. Бироқ, газетанинг таъкидлашича, бу ҳақиқатан ҳам катта битимларни имзолашдан олдин ўзига хос «машғулот жараёни» бўлган.

Агар газета манбалари маълумоти тасдиқланадиган бўлса, у ҳолда Трампнинг Хитойга ташрифи Америка ва Хитой бизнеси учун энг самарали расмий ташрифларидан бирига айланади. 

Таъкидланишича, энг катта битимлардан бирига Хитойнинг China Petroleum and Chemical Corp. давлат корпорацияси ва Америка томони ўртасида Аляскада табиий газ конларини қидириш бўйича келишув айланиши мумкин. Шу билан бирга, Хитойнинг China Investment Corp. суверен инвестиция фонди бу лойиҳа учун молиявий ёрдам ажратиши мумкин. Бундан ташқари, ХХРнинг Bank of China давлат банки ҳам инвесторга айланиши эҳтимолга яқин.

Энергетика соҳасидаги яна бир келишув - China National Petroleum Corp. ва Cheniere Energy ўртасида суюлтирилган табиий газни «узоқ муддат давомида етказиб бериш бўйича шартнома»дир. 

Шу билан бирга, манбаларнинг хабар беришича, Хитойнинг мобиль телефонлар ва аксессуарлар бўйича энг йирик ишлаб чиқарувчилари бўлган Xiaomi ҳамда Vivo АҚШнинг Qualcomm компанияси маҳсулотларини сотиб олиш бўйича шартнома имзолайди.

Бундан ташқари, Хитойнинг Boeing самолётларини харид қилиши ва ХХРга Tesla автомобилларини импорт қилиш тўғрисида келишувлар имзоланиш учун тайёрланмоқда.