Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған чоршанба куни Tesla Inc раҳбари Илон Маск билан учрашди. Reuters агентлиги берган маълумотга кўра, турк фирмалари Маскнинг Tesla ва SpaceX компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўймоқчи. 

Global SatShow'да иштирок этиш учун Истанбулга ташриф буюрган Илон Маск Анқарадаги президент қароргоҳида мамлакат президенти Тоййиб Эрдўған ва транспорт ҳамда саноат вазирлари билан учрашган.

Туркия президентининг матбуот котиби Иброҳим Калиннинг маълум қилишича, Маск ва Эрдўған Tesla ҳамда SpaceX компаниялари ва турк фирмалари ўртасидаги салоҳиятли қўшма операцияларни, шунингдек Туркиянинг 5A ва 5B  сунъий йўлдошларини учириш масалаларини муҳокама қилишган. 

Манбага кўра, Туркия 2020 йилга бориб - Turksat 5A, 2021 йилда эса  5B сунъий йўлдошини учиришни режалаштирмоқда. Октябрь ойида турк сунъий йўлдошларини қуриш учун Airbus'га буюртма берилган. Калиннинг сўзларига кўра, Airbus билан келишув пайшанба куни имзоланади ва учрашувда Маск ҳам иштирок этади. 

Бундан ташқари, Эрдўған ва Маск электромобиллар масаласини ҳам муҳокама қилишган.