Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан қизамиқ ва қизилча касалликларини бартараф этган мамлакат сифатида тан олинди. Бу ҳақда ЮНИСЕФ'нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар бермоқда.

ЖССТнинг қизамиқ ва қизилча бартараф этилганини тасдиқловчи Европа минтақавий комиссиясининг таъкидлашича, бу ҳолат бутун Европа минтақасида қизамиқ ва қизилча касаллигини бартараф этиш мақсадига эришишга сезиларли даражада ҳисса қўшади.

2007 йилда Ўзбекистон Миллий эмлаш тақвимига қизамиқ, тепки ва қизилча (ҚТҚ)га қарши вакцинани киритди. 12 ойлигида ва 6 ёшига болани ҚТҚга қарши эмлаш ушбу касалликларга нисбатан умрбод иммунитетни шакллантиради.

Фото: ЮНИСЕФ

Мамлакат бўйича ҚТҚга қарши эмлаш кўрсаткичлари юқори бўлиб, бунда қамров биринчи эмлашда 99.5%ни ва қайта эмлашда 99.7%ни ташкил этади (2016).

Юқумли касалликлар болалар саломатлигига таҳдид соладиган асосий хавфлардан бири ҳисобланади. Шу боис Соғлиқни сақлаш вазирлиги олдини олиш мумкин бўлган касалликларга қарши эмлаш, уларнинг олдини олиш ва тугатишга қаратилган Миллий эмлаш дастурини амалга ошириш бўйича қатор чоралар кўрмоқда.

«Кейинги пайтларда миллий эмлаш дастури янги-янги замонавий вакциналар билан бойитиб борилмоқда. Шу билан бирга, жорий йилда юқумли касалликларга қарши эмлаш учун сарфланадиган маблағлар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қопланди. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, 2017 йил учун 42,3 миллиард сўм маблағ ажратилди. Эмлаш даражаси 99,5 фоизни ташкил этди. 2018 йилдан жаҳонда биринчилардан  бўлиб ўсмир қизларни папиллома вирусига қарши эмлаш билан тўлиқ қамраб олиш йўлга қўйилади. Бу аёллар ўртасида онкологик касалликларнинг олдини олиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади», - дея хабар берди KUN.UZ'га Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.  

«14 ёшгача бўлган болалар Ўзбекистон аҳолисининг 27 фоизини ташкил қилади. Эмлаш биз томондан келажак авлодлар учун соғлиқни сақлаш соҳасида қила оладиган энг муваффақиятли ва молиявий томондан самарали сармоялардан биридир, - дейди ЮНИСЕФ'нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн. - Миллий эмлаш тақвими бўйича умумий қамровини таъминлаш учун Ҳукумат, халқаро ҳамкорлар ва маҳаллий жамоалар билан биргаликда ишлашни давом эттирамиз».

Фото: ЮНИСЕФ

ЮНИСЕФ Ўзбекистон ҳукуматига янги вакциналарни киритиш ва сотиб олиш, уларнинг сифатли сақланиши учун совуқ занжир тизимини янада яхшилаш, вакциналарни харид қилишда мустақил молиялаштиришга эришиш ва эмлашга бўлган талабни доимий равишда оширишда кўмак бериб келмоқда.