Ўзбекистонда JV MAN Auto Uzbekistan қўшма корхонаси негизида ҳам шаҳар транспорти, ҳам сайёҳларга хизмат кўрсатувчи Coach bus сериясидаги автобуслар ишлаб чиқарила бошланади.

Автобуснинг сайёҳларга мўлжалланган варианти максимал даражадаги қулайлик, юқори хавфсизликни таклиф қилади ва экологик жиҳатдан намунали бўлади.

“Келгусида биз JV MAN Auto Uzbekistan’да ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни Марказий Осиё давлатларига экспорт қилмоқчимиз. Бизнинг автобусларга Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистонда катта қизиқиш билдирилмоқда. Биз Ўзбекистондаги филиалимизни минтақадаги бош экспорт сифатида кўрмоқдамиз”, деб айтган MAN компаниясининг Марказий Осиё бўйича вакили Ян Кулмаер.

Айни вақтда Самарқанддаги корхонада MAN A22 CNG шаҳар туридаги автобуслар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, Gemilang International Limited компанияси JV MAN Auto Uzbekistan билан биргаликда шаҳар туридаги автобуслар учун бир қатор бутловчи қисмларнинг ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштириш бўйича қўшма лойиҳа устида иш олиб бормоқда. JV MAN Auto Uzbekistan 3 йилдан ортиқроқ вақтдан бери MAN A22 CNG автобусларини ишлаб чиқаришда Gemilang International Limited ишланмаларидан фойдаланиб келади.