Яқин кунларда 2018 йили Россияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатининг барча иштирокчилари маълум бўлади. Айни вақтда яна 20та терма жамоа 10 ўрин учун даъвогарлик қилмоқда. 

Африка
А гуруҳи
Тунис ёки Конго Демократик республикаси

Вазият. ЖЧ саралаш босқичида гуруҳ ўйинларида очколар тенг келиб қолганида аввал тўплар нисбати устунлигига қаралади, шу туфайли Тунис терма жамоаси мундиал йўлланмасини кафолатлаб қўймаган. Охирги турда биринчи ўриндаги Тунис (13) Ливия билан ўйнайди, иккинчи ўриндаги Конго (10) эса Гвинеяга қарши баҳс олиб боради.

Аслида бу гуруҳ масаласи икки пешқадамнинг сентябрь ойидаги ўзаро ўйинида амалда ҳал бўлганди: Тунис Конго майдонида 75-дақиқага қадар 0:2 ҳисобида ютқазаётганди, аммо якунда дурангга эришилди. Энди арабларни аутсайдер – Ливияга қарши ўйинда дуранг ҳам қониқтиради.

Тунис терма жамоасининг кўплаб футболчилари маҳаллий чемпионатда тўп суришади, фақат Абденнур Европада тўп суради - «Марсель»да.

Конгода Европа жамоаларида тўп сурувчи бир неча футболчи бор: Киевнинг «Динамо» клуби ҳужумчиси Мбокани, «Челси» тарбияланувчиси Какута ва ва айни вақтда Испания чемпионати тўпурарлари рўйхатида учинчи бўлиб турган (9та гол) Бакамбу. У «Вильярреал» футболчиси.

11 ноябрь. Тунис – Ливия, Конго ДР – Гвинея.

С гуруҳи
Марокаш ёки Кот-д’Ивуар

Вазият. Бу гуруҳда ҳаммаси оддий. Охирги турда икки етакчи Кот-д’Ивуар ва Марокаш ўртасида ўзаро ўйин ўтади.  Агар мезбонлар Марокашни мағлуб этишса, чамадонларни тайёрлашга киришиши мумкин, агар дуранг қайд этилса, шимолликлар бу ишни қилишади. Ивуарликлар фаворит кўринмоқда, аммо марокашликлар гуруҳ босқичини гол ўтказмасдан ўтказишди.

Фил суяги қирғоғи терма жамоаси - жаҳон чемпионатининг доимий иштирокчиси саналади. Дидье Дрогба даврида терма жамоа қаторасига 3 марта мундиалда қатнашган. Энди унинг йўлини Калу, Жервиньо, Бони, Байи, Орье, Заҳа ва Думбия каби футболчилар давом эттириши керак. Бу терма жамоага айни вақтда бельгиялик собиқ футболчи, Бельгия терма жамоасининг собиқ устози Марк Вильмотс бошчилик қилмоқда.

Марокашда юлдузлар кам. «Ювентус» ҳимоячиси Меҳди Бенатия терма жамоада сардор ҳисобланади, иккинчи сардор Россия чемпионатида кўп вақт тўп сурган Буссуфа. Шунингдек, Европада Бельҳанда ва Амрабатни, «Реал»нинг ёш футболчиларидан бири Ҳакимини билишади.

11 ноябрь. Кот-д’Ивуар – Марокко, Габон – Мали.

D гуруҳи
Сенегал/Буркина-Фасо/Кабо-Верде/ЖАР

Вазият. Бу гуруҳда вазият чигал, тўрт терма жамоа ҳам ЖЧ йўлланмаси учун умидини йўқотмаган. ФИФА ЖАР ва Сенегал ўртасида ўтказилган биринчи учрашувни қайта ўтказиш бўйича қарор чиқарган. Ўша учрашувда жанубий африкаликлар ҳакамнинг қўпол хатолари эвазига 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Ганалик ҳакам Лемпти йўқ пенальти белгилагани учун футболдан бутунлай четлаштирилди, ўйин натижаси бекор қилинди. Шу туфайли барча терма жамоаларнинг учрашувлари сони тенг эмас.

Агар жума куни Сенегал қайта ўтказиладиган учрашувда ғалаба қозонса, муддатидан аввал йўлланмани ҳал қилади. Агар ғалаба қозона олмаса, барча масала охирги турга, 14 ноябрь кунги учрашувга қолади. 

Буркино-Фасо ва Кабо-Верде 14 ноябрь куни ўзаро ўйнади. Икки терма жамоада ҳам 6тадан очко бор.

Кабо-Верде таркибида Россия премьер-лигасида тўп сурадиган Зе Луиш «Спартак» ва Нуну Рош («Тосно») бор. Буркино-Фасода ҳам Россия чемпионати иштирокчиси - Каборе («Краснодар»).

ЖАР терма жамоасида таниқли футболчилар деярли йўқ. Бу терма жамоада ЖАРда ўтган 2010 йилги жаҳон чемпионатидаги илк голни урган Тшабалала ҳамон тўп сурмоқда. Сенегалда эса номлар кўпроқ: «Ливерпуль» етакчиларидан бири Садио Мане, «Наполи» ҳимоячиси Кулибали, Италия чемпионати иштирокчиси Ньянг...

10 ноябрь. ЖАР – Сенегал
14 ноябрь. Сенегал – ЖАР, Буркина-Фасо – Кабо-Верде.

Қитъалараро ўйинлар
Янги Зеландия ёки Перу

Вазият. Океания вакилининг бир томондан омади келди, бошқа томондан қаралса, ундай эмас. Шундай вазиятки, минтақада бу терма жамоанинг тенгги йўқ ва саралаш ўйинлари бошланишидан олдинроқ бу терма жамоа плей-оффда қатнашиши маълум бўлади. Бу сафарги тақсимотга кўра энг қийин қитъа вакили рақиб бўлди - Жанубий Америка. КОНКАКАФдаги охирги турлар натижалари бу терма жамоага Аргентина ёки Колумбияни рўбару қилиши ҳам мумкин эди. Лекин нисбатан осонроқ Перу тушди. Аммо бу терма жамоага қарши ўйин учун 11 минг километр масофани учиб ўтишга тўғри келади.

Янги Зеландияда Англиянинг қуйи лигалари вакиллари тўпланган. Перуда бир қатор номлар бор. Айни вақтда Москванинг «Локомотив» жамоасида тўп сураётган Жефферсон Фарфан, «Бавария» ва «Ҳамбург» жамоаларининг собиқ тўпурари Паоло Герреро.

11 ноябрь. Янги Зеландия – Перу. 16 ноябрь. Перу – Янги Зеландия.

Австралия ёки Ҳондурас

Вазият. Бу жуфтлик ўрнида сиёсий можаролар келтириб чиқариши мумкин бўлган икки терма жамоа - Сурия ва АҚШ ҳам бўлиши мумкин эди. Аммо сурияликлар Австралияга қарши ўйинларда пенальтилар сериясигача етиб бора олишмади, АҚШ эса Россияга боргиси келмади.

Австралия терма жамоаси саралаш босқичи вақтида бош мураббийни - Анге Постеўғлини ишдан бўшатди, истеъфога терма жамоа натижалари эмас, мураббий ва федерация ўртасидаги муаммолар сабаб бўлди.

Тим Кейҳилл иккинчи ёшлигини ўтказмоқда ва Россияга келмоқчи. Декабрь ойида «Эвертон»нинг собиқ футболчиси 38 ёшга тўлади. Агар Австралия ЖЧга чиқса ва турнир давомида Кейҳилл гол урса, у мундиал тарихида гол урган энг кекса ҳужумчилар рўйхатида камерунлик Роже Милладан кейин иккинчи ўринга чиқади (у 42 ёшида жаҳон чемпионатида гол урган). Ҳондурас таркибида эса бир вақтлар Англияда ўйнаган Фигероа ва Исагирре бор.

11 ноябрь. Ҳондурас – Австралия. 15 ноябрь. Австралия – Ҳондурас.

Европа минтақаси
Швеция ёки Италия

Вазият. Буюк Буффон жаҳон чемпионатидан кейин фаолиятини якунлаши ҳақида эълон қилган. Аммо ҳали терма жамоа мундиалга чиқмади. «Ювентус» посбонининг режаларига шведлар халақит қилиши мумкин. Скандинавлар терма жамоаси бош мураббийи Янне Андерсон ҳеч нарсадан чўчимаяпти. Унинг ҳамкасби Жампьеро Вентура ҳам оптимистик қарашда: «Жаҳон чемпионатига чиқа олмаслик тўғрисида қайғурмаяпман. Мен гуруҳ босқичи ҳақида ўйлай бошлаганман».

Швеция терма жамоасида энди Ибраҳимович йўқ. Шу туфайли мухлисларга Италия ва Буффон чиққани маъқулроқ.

10 ноябрь. Швеция – Италия. 13 ноябрь. Италия – Швеция.

Греция ёки Хорватия

Вазият. Грекларда инқироз вақти ўтди. 2016 йилги Европа чемпионатида гуруҳда охирги ўринда бўлган, ўтган вақт ичида Фарер оролларига икки марта ютқазган Греция вазиятни ўнглай олди. Германиялик Михаэл Скиббе қўли остидаги греклар мўъжиза эвазига Боснияни ортда қолдириб, плей-оффга чиқа олди.

Хорватия эса «ўлим гуруҳи»да Украина, Туркия ва Исландияга қарши кураш олиб борди. Узоқ вақт гуруҳ етакчиси бўлган хорватлар охирига келиб исландларни мундиалга кузатди ва плей-оффда омадини синаб кўрадиган бўлди. Бу қарама-қаршиликда хорватлар яққол фаворит.

Грецияда ҳеч қачон жаҳон миқёсидаги юлдуз футболчи бўлмаган. 2004 йилда терма жамоа Европа чемпионига айланганида ҳам бу муваффақият бош мураббий Отто Рекҳагель билан боғланганди. Ҳозирда эса 4 нафар ҳимоячини - футбол шарҳловчилари номларини айтишга қийналадиган Папастатопулос, Пападопулос, Манолас ва Торосидисни ажратиб кўрсатиш мумкин.

Хорватияда эса «Реал» ва «Барселона» футболчилари - Лука Модрич ҳамда Иван Ракитич ўйнайди. Қолаверса, Марио Манжукич («Ювентус»), Иван Перишич («Интер»), Николас Калинич («Милан»), Андрей Крамарич («Ҳоффенҳайм» ва Пашалич («Спартак») каби футболчилар Хорватияда.

9 ноябрь. Хорватия – Греция. 12 ноябрь. Греция – Хорватия.

Шимолий Ирландия ёки Швейцария

Вазият. Охирги Европа чемпионатида Шимолий Ирландия Нидерландия ўрнида қатнашганди. Ўшанда Майкла О’Нил бошчилигидаги жамоа турнир қаҳрамонларидан бирига айланган, қийин гуруҳдан чиққан, лекин чорак финалда Уэльсга ютқазганди.

Ҳозир шимолий ирландияликлар яна қаҳрамонлик кўрсатиши керак, бу сафарги рақиб жаҳон чемпионатларининг доимий қатнашчиси Швейцария. Бу терма жамоа гуруҳ босқичида охирги тургача етакчилик қилди аммо Португалияга ютқазиб, иккинчи ўринга тушиб қолди.

Швейцария терма жамоасида Шақири, Жемаили, Беҳрами, Чака, Родригес, Лихтштайнер, Бюрки, Сеферович каби машҳур футболчилар тўп сурмоқда.

9 ноябрь. Шимолий Ирландия – Швейцария. 12 ноября. Швейцария – Шимолий Ирландия.

Дания ёки Ирландия

Вазият. Ирландия муҳим учрашувда Уэльсни енгиб, плей-оффга чиқди. Бэйлни мундиалдан қуруқ қолдирган ирландлар қаршисида энди Кристиан Эриксен бошчилигидаги Дания турибди. Рой Кин жамоаси бу қарама-қаршиликда фаворит эмас. Лекин Дания ҳам Мартен Ольсен кетганидан буён йирик турнирларда қатнашмаяпти.

Ирландияда Рой Киндан машҳурроқ ном йўқ,  Данияда эса Эриксендан ташқари, Лассе Шёне, Каспер Дольберг, Юссуф Поульсен ва Пионе Систо каби етакчи футболчилар бор.

11 ноябрь. Дания – Ирландия. 14 ноябрь. Ирландия – Дания.