Элликқалъа  тумани Бўстон шаҳар М.Юсуф кўчасида истиқомат қилувчи Ш.М. Мажбурий ижро бюроси Элликқалъа туман бўлими ходимлари томонидан истеъмолчи хонадонининг электр ҳисоблагичи тамғаланмаганлиги сабабли жарима ёзилганидан норозилигини билдириб, туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди, деб хабар бермоқда Қорақалпоғистон Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси матбуот ва ахборот сектори. 

Норозилик сабаби - ТЭТК ходими хонадонга яқинда янги ҳисоблагич ўрнатган, лекин ўша пайтда ҳисоблагични тамғалаш тугул бу бўйича хонадон эгасини огоҳлантирмаган.
 
Ушбу масалага аниқлик киритиш учун  жамият ҳамда Элликқалъа туман ЭТК ходимлари иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилди. Жараёнда истеъмолчи хонадонига ёзилган жарима, Элликқалъа ТЭТК ходимининг масъулиятсизлиги оқибатида юзага келгани аниқланди. Жамият томонидан истеъмолчига жаримасини қоплаш учун Элликқалъа ЭТКдан  жами 450 000 сўм пул ундириб берилди.