ИШИД раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий Суриянинг Абу-Камол шаҳридаги туманлардан бирига яширинган бўлиши мумкин. Бу ҳақда шаҳарни озод этишда иштирок этган «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатидаги манбага асосланиб Reuters агентлиги хабар тарқатди.

Шиалар гуруҳининг ҳарбий-ахборот маркази вакили тафсилотларни келтирмаган, аммо у террорчилар раҳбари шаҳарда экани ҳақиқатга яқинлигини билдирган.

«ИШИД раҳбари 9 ноябрь куни озод этилган шаҳарнинг ҳилватларидан биридалиги ҳақида маълумот бор» , — дейилган хабарда.

Бундан олдинроқ Сурия Араб Республикаси армияси Россия ҲКК ёрдамида Абу-Камолни ИШИДдан озод қилгани ҳақида хабарлар берилганди. Бу шаҳар ИШИДнинг Сурия ҳудудидаги охирги таянчи эди.

Охирги йилда Абу-Бакр Бағдодий ўлими ҳақида ОАВ бир неча марта хабар тарқатди, аммо бу хабарларнинг ҳеч бири тасдиқланмади. У Мўсул ва Раққа қўлдан кетгач, Сурия ҳудудидаги чўлларга яширингани айтилганди.