Apple’нинг бозор нархи 900 млрд долларлик қийматдан ошди. 

8 ноябрда NASDAQ фонд биржасининг ёпилиши олдидан компаниянинг бир дона акцияси нархи 176,24 доллар турган. Шу тариқа, Apple’нинг бозор нархи 904,9 млрд долларгача етган. 

Компаниянинг бозор нархи 2 ноябрдаги савдолар вақтида ҳам 900 млрд долларга етганди, бироқ савдолар ёпилиши олдидан унинг нархи бу қийматдан пастлаган.

CNBC’нинг таъкидлашича, Apple кўрсаткичларининг ўсиши кўп жиҳатдан янги iPhone X смартфонининг савдоси муваффақиятли кечаётгани билан боғланган.  

Бундан ташқари, компания 2 ноябрда таҳлилчилар кутаётган натижалардан яхшироқ бўлган чораклик ҳисоботни чоп этган. Жумладан, 2017 молия йилининг 4-чорагига кўра компания тушуми 12 фоизга, яъни 52,6 млрд долларгача ошган. Ўз навбатида, соф даромад 19 фоизга ошиб, 10,7 млрд долларга етган.