Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини Самарқандда ўтказилаётган "Марказий Осиё: бир ўтмиш ва бир келажак, барқарор ривожланиш ва ўзаро фаровонлик учун ҳамкорлик" номли халқаро конференцияда "Эроннинг ядро дастури муваффақиятли якунланишида Евроиттифоқ кўмак" беришини билдирди. Бу ҳақда KUN.UZ мухбири хабар қилмоқда.

Могерини "Эрон ва Евроиттифоқ ўртасида ядро дастури бўйича эришилган келишув" Иттифоқнинг энг катта ютуғи эканини билдирди.

Шунингдек, конференцияда иштирок этаётган Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф Эрон ядро дастуридан бошқа мақсадларда фойдаланиши, жумладан ядро қуролини яратишга интилиши мантиқсиз эканини билдирди.

"Эътиқодимиз юзасидан, ядро қуролини яратиш Ислом динига зид ҳисобланади. Қолаверса, ядро қуролини яратиш тинчлик ва барқарорликни сақлаб турувчи асосий куч эмас" - деди у.