Россиялик аралаш яккакураш жангчиси (ММА) Фёдор Емельяненко оғир вазнда Bellator чемпионлик камари учун 2018 йилда ўтадиган мусобақада иштирок этади. Бу ҳақда Bellator президенти Скотт Кокерга иқтибос келтирган ҳолда MMA Junkie портали хабар берди.

Мусобақада 4 нафар оғир вазндаги жангчи: Емельяненко, UFC’нинг собиқ чемпиони Фрэнк Мир, америкалик жангчилар Мэтт Митрион ва Рой Нельсон иштирок этади. Мусобақада, шунингдек, ярим оғир вазндаги яна 4 америкалик жангчи: Bellator’нинг ярим оғир вазндаги амалдаги чемпиони Райан Бейдер, UFC’нинг собиқ чемпиони Куинтон Жексон, Strikeforce’нинг собиқ чемпиони Муҳаммад Лавал ва Чейл Соннен иштирок этади.

“Бу биз учун муҳим ҳодиса бўлади. Биз 8 нафар жангчини ўзаро беллаштирамиз ва ғолиб оғир вазн чемпиони бўлади. Биз ташкил этаётган жанглар мухлислар кўрмоқчи бўлган жанглардир. Ишонинг, сизни ажойиб мусобақа кутмоқда”, деб айтган Кокер. 

Мусобақанинг жанглари бир вақтда ўтказилмай, балки бутун йил давомида бўлиб ўтади. Мусобақа финали 2018 йил декабрига режалаштирилган. Жанглар ўтадиган сана ва жойлар яқин орада маълум қилинади. 

Емельяненко 24 июлда Нью-Йоркда Bellator’даги илк жангида америкалик жангчи Мэтт Митрионга биринчи раунддаёқ техник нокаут билан ютқазган. Умуман олганда россиялик жангчи ҳисобида ММА’да ўтказилган жангларда 36 ғалаба ва 5 мағлубият бор.